АсосийЖамият

Йил бошидан озиқ-овқат экспорти 37 фоизга ўсиб, 3 миллиард долларга етди

Айни вақтда Президент Қишлоқ хўжалиги соҳаси ходимлари билан учрашув ўтказмоқда.

'Йил бошидан озиқ-овқат экспорти 37 фоизга ўсиб, 3 миллиард долларга етди'ning rasmi

Хабарингиз бор, Айни вақтда Президент Қишлоқ хўжалиги соҳаси ходимлари билан учрашув ўтказмоқда. Унда пахтачиликда илм-фан ютуқлари ва илғор агротехнология олиб кирилгани, юқори унумдор хорижий навлар экилгани ҳисобига миришкор деҳқон ва фермерларимиз томонидан 875 минг гектар ерда 4 миллион тоннага яқин хирмон яратилгани таъкидланди. Шу билан бирга илк бор пахтада ўртача ҳосилдорлик 46 центнерга етди. 

Жорий йил 3 мингдан зиёд фермер гектаридан ўртача 50-60 центнерлик, 1,5 минги 70 центнерлик маррадан ўтиб, пахтачиликда ўзининг тажриба мактабини яратди. 

Ғаллакорларимиз ҳам янги маҳаллий навлар ва биотехнология орқали бу йил 8 миллион 400 минг тонна хирмон яратди, ўртача ҳосилдорлик 85 центнерга етди. Бунда ҳар бир гектар ердан 100 центнердан ҳосил олган 3,5 мингдан зиёд фермерларимизнинг муносиб ҳиссаси бор. 

Шоликорларимизнинг меҳнати ҳам алоҳида эътироф этилди. Улар бу йил 268 минг гектарда шоли экиб, 1 миллион 340 минг тонна ҳосил олди, ўртача ҳосилдорлик 50 центнерга етди. 

Сув масаласи долзарб бўлган ҳозирги даврда фермерларимиз шолининг ўзида 35 минг гектарда сув тежовчи технология қилгани, 45 минг гектарда шолини кўчат усулида эккани учун 350 миллион куб метр сув тежалди.

Сўнгги йилларда боғ ва токзорларни янгилашга қаттиқ киришилгани, интенсив сабзавотчилик ривожлантирилаётгани ҳам самарасини бермоқда. 

Уч йилда 155 минг гектар боғ ва узумзор барпо этилди, интенсив боғлар 150 минг гектарга етказилди. 

Жорий йилда 3,4 миллион тонна мева, 2 миллион тонна узум, 19,5 миллион тонна сабзавот, полиз ва картошка, 1 миллион тонна дуккакли ва мойли экинлар етиштирилгани бу фикрларнинг тасдиғидир. 

Энг муҳими, шуларнинг ҳисобидан ички бозорда нархларни барқарор ушлаб туриш билан бирга қишлоқ хўжалиги тўқимачиликдан кейинги энг кўп валюта олиб келаётган соҳага айланди. 

Йил бошидан озиқ-овқат экспорти 37 фоизга ўсиб, 3 миллиард долларга етди, йил якуни билан бу кўрсаткич илк бор 3,2 миллиард доллардан ошади. 

Мева-сабзавотларимиз кириб борган давлатлар сони 18 тага кўпайиб, 83 тага етди. Қуритилган олхўри ва ўрик экспорти бўйича дунёда 3-ўринга, шафтоли ва майизда 7-, гилосда 8-, узумда 13-ўринга чиқилди.

    Бошқа янгиликлар