ДХХ ва бир қатор ҳуқуқ-тартибот идоралари Тошкентда кучли таъсир қилувчи моддаларнинг ноқонуний айланмасига қарши йўналтирилган тезкор тадбир ўтказди. Янгиҳаёт туманида истиқомат қилувчи 1977 йилда туғилган аёл Ф.М.нинг уйидан Фарғона водийсидан олиб келинган катта миқдорда психотроп дори воситалари топилди.
Тезкор ҳаракатлар давомида унинг яшаш манзилидан 3000 дона озиш учун мўлжалланган, таркибида кучли таъсир қилувчи моддалар бўлган таблеткалар, шунингдек 1,1 млрд сўмлик ҳужжатсиз дори-дармонлар (ТМБ) олинди.
Ф.М.нинг кўрсатмасига таяниб, 1986 йилда туғилган маҳалладоши Д.Х.нинг манзили ҳам текширилди. У ердан 17 060 дона психотроп ва кучли таъсир қилувчи дорилар, шунингдек 400 млн сўмлик 2 973 дона сертификатсиз дори воситалари аниқланди.
Ҳозирда ҳар икки шахснинг моддаларни қаердан ва кимлар орқали олгани, жиноят занжирида иштирок этган бошқа шахслар ва тўлиқ механизмни аниқлаш бўйича тадбирлар давом этмоқда.






