2025 йил августидан бошлаб халқаро фан олимпиадаларида олтин медаль қўлга киритган ўқувчилар 1 миллиард сўмдан ортиқ пул мукофоти билан тақдирланади.
Жорий йилда Ўзбекистон терма жамоаси халқаро фан олимпиадаларида тарихий натижаларга эришди. Халқаро кимё олимпиадасида икки нафар ўқувчи олтин медални қўлга киритса, информатика йўналишида илк бор кумуш медаль олинди.
Расмий маълумотларга кўра, 2025 йил августидан эътиборан нуфузли олимпиадаларда олтин медаль олган ўқувчилар 1 миллиард 30 миллион сўм, уларнинг мураббийлари эса 185 миллион 400 минг сўм миқдорида мукофотланади.
Ғолиб ўқувчилар, уларнинг устозлари ва ота-оналари тақдирлаш жараёни олдидан ўз таассуротлари билан бўлишди. Тақдирлаш маросими яқин кунларда ўтказилиши кутилмоқда.






