Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлари, мутасадди вазирлик ва идоралар вакиллари, тадбиркорлар ҳамда партия фаоллари иштирок этди.
Тадбирда таъкидланганидек давлатимиз раҳбари ташаббуси билан амалга оширилаётган “Ўзбекистон–2030” стратегияси ҳамда ЎзЛиДеПнинг “Беш мақсад – беш юз вазифа” сайловолди Дастурида белгиланган устувор вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида партия томонидан “Инклюзив жамият сари” лойиҳаси амалга оширилди. Лойиҳа ногиронлиги бўлган шахсларнинг таълим, бандлик, ижтимоий ҳаёт ва инфратузилмада тенг имкониятларга эга бўлишини таъминлашга қаратилди.
Қайд этилганидек, лойиҳа доирасида мамлакатимиз бўйлаб 60 дан ортиқ тадбир ўтказилди. Уларда 6340 нафар фуқаро иштирок этди. Учрашувларда кўтарилган 84 та муаммо жойида ижобий ҳал этилди. Давлатимиз раҳбарининг қатор фармон ва қарорлари асосида ҳам бир қатор ислоҳотлар амалга оширилди. Жумладан, 711 та овозли светофорлар ўрнатилди, 208 та кўча тротуар ва йўлаклари қайта жиҳозланиб, Тошкент метросида 45 та кўтариш мосламаси ўрнатилди. Мингдан ортиқ автобус ва электробус инклюзив жиҳозлар билан таъминланди. Шунингдек, 656 та инклюзив боғча гуруҳлари ташкил этилиб, мактаблардаги инклюзив синфлар сони 947 тадан 2,8 мингтага етказилди. 2,5 минг нафар махсус педагог ва ассистент-педагоглар фаолияти йўлга қўйилди.
Бундан ташқари, лойиҳа иштирокчилари Қирғизистон ва Эронда бўлиб ўтган халқаро анжуманларда иштирок этди. Қўқон шаҳрида ўтган II Халқаро ҳунармандлар фестивалида ногиронлиги бўлган ҳунармандлaр фаол иштирок этиб, бир қатор совринли ўринларни қўлга киритди.
Форум доирасида лойиҳани янада оммалаштириш учун қатор таклиф-ташаббуслар ҳам илгари сурилди. Жумладан, давлатлараро тўсиқсиз “Инклюзив туризм”ни ривожлантириш, инклюзив таълим учун инфратузилма ва шароитларни яхшилаш, ногиронлиги бўлган ёшлар учун IT соҳасида квоталар ва стартапларни қўллаб-қувватлаш бўйича аниқ режа ишлаб чиқиш бўйича илгари сурилган ташаббуслар имконият чекланган фуқаролар учун қўшимча имкониятлар яратади.
Шунингдек, жамоат транспортида таълим муассасаларига қатнаш учун бепул ижтимоий карталар жорий этиш, меҳнат бозорига тенг ҳуқуқли кириш имкониятларини кенгайтириш ҳамда киноматериалларни тифло-изоҳ ва сурдотаржимон билан таъминлашни кенгайтириш каби таклифлар ҳам форум иштирокчиларида катта қизиқиш уйғотди.
Форум якунида муҳокама қилинган барча масалалар бўйича чора-тадбирлар дастури ишлаб чиқилди.






