12 декабрдан бошлаб Ўзбекистонда дори-дармонларни фақат электрон рецепт асосида бериш тартиби кучга кирди. Тошкент шаҳри ҳамда тажриба-синов лойиҳаси амалга ошириладиган 15 та туман ва шаҳарда шифокорлар беморларга дори воситаларини халқаро патентланмаган номи бўйича электрон рецепт орқали тайинлайди.
Электрон рецептга кунлик доза, қабул қилиш усули, миқдор ва давомийлиги каби маълумотлар киритилади. Бир рецептда бир нечта ташхис бўйича 5 тагача дори кўрсатилиши мумкин. Агар 5 тадан ортиқ дори белгиланиши зарур бўлса, шифокор қўшимча асослантириш киритади.
Ҳужжатга мувофиқ, 2026 йил охиригача бутун республика дорихоналарида электрон рецепт модулининг ҳақиқий вақт режимида ишлаши таъминланади. Соғлиқни сақлаш вазирлиги 2027 йил 1 январга қадар кучли таъсир қилувчи, гиёҳвандлик ва психотроп моддаларни ҳам электрон рецепт орқали бериш бўйича таклифлар тайёрлайди.
Дорихона ходимлари рецептсиз дори сотган тақдирда қонуний жавобгарликка тортилади. Рецепт асосидаги дорилар рўйхати Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги сайтида эълон қилинган.






