АсосийЖамият

"Инсоният цивилизациясига асос бўлган ютуқлар шу заминдан келиб чиққан" — Парагвай Президенти

Ўзбекистонга расмий ташриф доирасида Парагвай Республикаси Президенти Сантьяго Пенья Тошкент шаҳридаги Ислом цивилизацияси марказида бўлди.

'"Инсоният цивилизациясига асос бўлган ютуқлар шу заминдан келиб чиққан" — Парагвай Президенти'ning rasmi

Олий мартабали меҳмонга Ўзбекистон Республикаси инвестициялар, саноат ва савдо вазири Лазиз Қудратов ва Марказ директори Фирдавс Абдухолиқов ҳамроҳлик қилди.

Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан барпо этилган ушбу Марказ ислом цивилизациясининг бебаҳо илмий ва маънавий меросини асраш, ўрганиш ва уни жаҳон ҳамжамиятига етказишга қаратилган йирик тарихий-маърифий мажмуа ҳисобланади. 

Сантьяго Пенья ташриф давомида Қуръони карим залига кириб, мусулмон оламида улкан аҳамиятга эга бўлган Усмон Мусҳафи — Қуръоннинг энг қадимий нусхаларидан бири билан яқиндан танишди. Мазкур нодир қўлёзманинг ислом тарихи ва жаҳон илмий-фалсафий тараққиётидаги ўрни ҳақида батафсил маълумот берилди.

Парагвай Президентининг делегация аъзолари марказдаги “Исломдан аввалги цивилизациялар”, “Биринчи Ренессанс”, “Иккинчи Ренессанс” ҳамда “Янги Ўзбекистон — Янги Ренессанс пойдевори” экспозициялари билан танишди. Меҳмонлар Имом Бухорий, Имом Термизий, Абу Мансур Мотуридий, Баҳоуддин Нақшбанд каби улуғ алломаларнинг дунё илм-фани ривожига қўшган беқиёс ҳиссаси ҳақидаги маълумотлардан катта таассурот олди. Шунингдек, сомонийлар, қорахонийлар, хоразмшоҳлар ва темурийлар даврларига оид нодир қўлёзмалар, артефактлар, манбалар ҳам намойиш этилди. 

Ташриф давомида давлат раҳбари марказдаги 14 та равоқ, тарихий артефактлар ва рангтасвир асарларини кўздан кечириб, уларда акс этган бой маънавий ва илмий меросга юксак баҳо берди. Айниқса, Хоразмий, Беруний, Ибн Сино, Термизий ва Бухорий каби алломаларнинг илмий мероси билан боғлиқ экспозициялар Президент Пеньяда катта таассурот қолдирди.

Президент Сантьяго Пенья шундай деди: 

“Ўзбекистон тарихи ҳақиқатан ҳам беқиёс. У беш минг йиллик тараққиётни ўз ичига олган улкан цивилизациядир. Бир миллатни англаш учун унинг тарихини билиш керак, бу ерда эса тарих жуда бой. Инсоният цивилизациясига улкан ҳисса қўшган кўплаб илмий ва маданий ютуқлар айнан шу заминдан келиб чиққан. Ўзбекистоннинг энг катта бойлиги — унинг тарихий мероси, илмий ютуқлари ва маданий цивилизациясидир. Масалан, алгебра ёки тиббиёт соҳасидаги илк мукаммал илмий асослар шу юртдан келиб чиққанини кўпчилик билмайди. Мен бу ташрифдан жуда руҳландим. Парагвай Ўзбекистон билан келгусидаги истиқболли ҳамкорликка тайёр”.

Делегация исломдан аввалги даврларга оид экспозициялар билан ҳам танишди. 80 минг йиллик тош найзалар, қадимги Бақтрия, Сўғд ва Хоразм цивилизацияларига оид маълумотлар меҳмонларда катта қизиқиш уйғотди. Зардуштийлик даври артефактлари, қадимий қўлёзмалар ва иммерсив шоу-тақдимотлар юқори баҳога сазовор бўлди. Шундан сўнг делегация “Конгресс холл” мажмуасини кўздан кечирди ва ташриф “Иккинчи Ренессанс” бўлимидаги экспозициялар билан давом этди. Меҳмонлар Амир Темур даври тарихи, ўша даврга оид шахмат доналари ва қадимий Қуръон қўлёзмаларини кўриб чиқишди. Президент Сантьяго Пенья Ислом цивилизацияси марказининг барпо этилиши Президент Шавкат Мирзиёев ташаббусларининг амалий самараси эканини алоҳида таъкидлаб, мамлакатимизда тарихий меросни асраш, ўрганиш ва тарғиб этиш борасида амалга оширилаётган ишларга юксак баҳо берди.

    Бизни ижтимоий тармоқларда кузатиб боринг

    Бошқа янгиликлар

    'Шавкат Мирзиёев Сурхондарёга ташрифини Ҳаким Термизий мақбарасини зиёрат қилишдан бошлади'ning rasmi

    Жамият Бугун 06:52

    Шавкат Мирзиёев Сурхондарёга ташрифини Ҳаким Термизий мақбарасини зиёрат қилишдан бошлади

    Президент буюк аллома меросини чуқур ўрганиш ва уни кенг тарғиб қилиш зарурлигини таъкидлади.

    'Қирғизистонда қизи ҳомиладор бўлганини эшитган аёл ўзини ёқиб юборди'ning rasmi

    Жамият Бугун 06:41

    Қирғизистонда қизи ҳомиладор бўлганини эшитган аёл ўзини ёқиб юборди

    Иссиқкўл вилоятида 41 ёшли аёл оғир куйиш жароҳатлари оқибатида шифохонада вафот этди.

    'Андижонда ЗИЛ уриб кетган 9 ёшли бола вафот этди'ning rasmi

    Жамият Бугун 06:20

    Андижонда ЗИЛ уриб кетган 9 ёшли бола вафот этди

    Балиқчи туманида юк машинаси иштирокидаги ЙТҲ оқибатида вояга етмаган пиёда ҳалок бўлди.

    'Қорақалпоғистонда метан заправкалари вақтинча ёпилди'ning rasmi

    Жамият Бугун 06:06

    Қорақалпоғистонда метан заправкалари вақтинча ёпилди

    Ҳудудда совуқ кучайиши ортидан газ босими пасайиб, таъминот аҳолига йўналтирилган.

    'Бурак Ўзчивит 20 йилдан бери сочини ўзи калталатиб келаётганини айтди'ning rasmi

    Жамият Бугун 06:01

    Бурак Ўзчивит 20 йилдан бери сочини ўзи калталатиб келаётганини айтди

    Туркиялик машҳур актёр шахсий парвариши билан боғлиқ кутилмаган одатини ошкор қилди.

    'Тошкентда кучли шамол ва ёғингарчилик кутилмоқда'ning rasmi

    Жамият Бугун 05:44

    Тошкентда кучли шамол ва ёғингарчилик кутилмоқда

    Фавқулодда вазиятлар бошқармаси пойтахт аҳолиси ва меҳмонларини эҳтиёт чораларига қатъий риоя қилишга чақирди.