Эрон хавфсизлик кучлари 2023 йилги Тинчлик бўйича Нобель мукофоти совриндори ва ижтимоий фаол Наргис Муҳаммадийни хотира маросимида ҳибсга олинди. Бу ҳақда унинг тарафдорларига таяниб, The Guardian хабар берди.
53 ёшли Наргис 2024 йил декабрь ойида қамоқдан вақтинча озод қилинган эди. У асос солган фонднинг Х’даги хабарига кўра, Наргис ўтган ҳафта ўз офисида ўлик ҳолда топилган Хусрав Аликордининг хотира маросимида бошқа бир нечта фаоллар билан бирга ушланган. Нобель лауреатининг парижлик турмуш ўртоғи Тағи Раҳмоний ҳам Х’да рафиқасининг Машҳад шаҳридаги маросимда бошқа таниқли фаол Сепиде Ғолиён билан бирга ҳибсга олинганини тасдиқлаган.
Айни пайтда, Эрон расмийлари Наргиснинг ҳибсга олиниши юзасидан изоҳ бермаган. Бироқ унинг тарафдорлари бир неча ойдан буён у қамоққа қайтарилиши хавфи борлигидан огоҳлантириб келаётганди.






