Россия Федерациясида иш-фаолияти давомида мураккаб молиявий аҳволга тушиб қолган, турар жойсиз қолган, тазйиққа учраган, мажбурий меҳнат ёки зўравонлик қурбони бўлган ҳар бир Ўзбекистон фуқаросига моддий ва ижтимоий кўмак кўрсатилади.
Бу ҳақда Миграция агентлиги маълум қилди.
Қайд этилишича, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миграция агентлигининг Россиядаги ваколатхонаси Москва шаҳри ва Москва вилоятидаги 15 га яқин ҳостел ҳамда суткалик меҳмонхоналар билан ҳамкорлик шартномаларини имзолади.
"Агар муракккаб молийявий аҳволда турар жойсиз қолган бўлсангиз — Миграция агентлигининг Москва шаҳри, 1-Казачий тор кўчаси, 11/2 уйда (метро Полянка) жойлашган (тел: +7925 045-47-44) ваколатхонасига мурожаат қилинг. Вазиятни ўрганган ҳолда Сизга, 30 кунгача бепул ётоқ жойда яшаш имконияти яратилади", дейилади хабарда.
Шунингдек, айни пайтда Шимоли-ғарбий, Урал, Сибир, Узоқ Шарқ ва Жанубий округларда ҳам шу каби хостел ва меҳмонхоналар билан шартнома ишлари олиб борилаётгани маълум қилинди. Тез орада Россиянинг барча асосий ҳудудларида бундай ёрдам кўрсатилади.






