2024 йилда Жиноят кодексининг 270-моддасига асосан тақиқланган экинларни етиштириш билан боғлиқ жиноятлар учун 1 875 нафар шахс судланди. Уларнинг катта қисмига озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазолар тайинланган.
Маълум қилинишича, ўтган йил давомида мазкур модда билан судланган 1 875 нафар шахсдан 258 нафари озодликдан маҳрум қилинган. Қолган 1 617 нафар шахсга нисбатан эса жарима, ахлоқ тузатиш ишлари, озодликни чеклаш ва шартли ҳукм каби озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазолар қўлланилган. Шунингдек, 8 нафар шахсга нисбатан тиббий йўсиндаги мажбурлов чоралари тайинланган.
Жорий йилнинг 11 ойи мобайнида эса Жиноят кодексининг 270-моддасида назарда тутилган жиноятни содир этган 1 748 нафар шахс судланган. Уларнинг 191 нафари озодликдан маҳрум қилинган, 1 557 нафар шахсга эса жарима, мажбурий жамоат ишлари, ахлоқ тузатиш ишлари, озодликни чеклаш ва шартли ҳукм каби жазолар тайинланган.
Қайд этилишича, жорий йилда ҳам 4 нафар шахсга нисбатан тиббий йўсиндаги мажбурлов чоралари қўлланилган.






