Олий Мажлис йиғилишида Фавқулодда вазиятлар вазири Б. Қудратхўжаевнинг айтишича, йил бошидан бери ёнғинлар оқибатида 67 нафар фуқаро ҳалок бўлган, яна 102 киши куйиш ва турли тан жароҳатлари олган.
Вазир маърузасида ёнғинлар фонида иқтисодиёт объектлари ва ташкилотларда ёнғин хавфсизлиги талабларига риоя этилиши устидан давлат назорати кучайтирилгани қайд этилди. Жорий йилда рўйхатдан ўтган 323 мингдан ортиқ корхона ва ташкилотнинг 79 мингдан зиёдида текширувлар ўтказилган.
Текширувлар якунида 51 минг 824 нафар масъул шахс маъмурий жавобгарликка тортилган бўлиб, жарималар умумий суммаси 31,8 миллиард сўмдан ошган. Шунингдек, ёнғин хавфи мавжуд бўлган 22 мингдан ортиқ бино ва иншоот фаолияти вақтинча тўхтатилган, 112 мингдан зиёд носоз электр манбалари ўчириб қўйилган.
Бундан ташқари, профилактика тадбирлари доирасида ёнғин хавфсизлиги бўйича тушунтириш ва йўриқномаларда 9 миллионга яқин аҳоли иштирок этгани билдирилди.






