Сурхондарё вилояти Денов туманида фуқаролардан турли йўллар билан зўрлик ва таҳдид орқали маблағ талаб қилиб келган жиноий гуруҳ ушланди, деб хабар бермоқда ИИВ Матбуот хизмати.
Гуруҳ етакчиси 1990 йилда туғилган фуқаро бўлиб, илгари ҳам «Безорилик» моддаси бўйича судланган. У 3 нафар шахсни иш бажарувчилар сифатида ёллаб, 10 дан ортиқ фуқарони жабрлантирган. Улар ер масаласи, қарз олди-бердиси ва бошқа масалаларда фуқароларни таҳдид ва зўравонлик билан қўрқитиб, пул талаб қилган.
Жабрланувчилар орасида 1987 йилда туғилган фуқародан 20 миллион сўм, 2006 йилда туғилган фуқародан 10 миллион сўм, 2008 йилда туғилган фуқародан эса тахминан 39,8 минг АҚШ доллари талаб қилингани аниқланган. Улар пичоқ ва видеотасвирлар орқали таҳдид қилган, ахлоққа зид ҳаракатларга мажбурлаб, тарқатиш билан қўрқитган.
Ҳозирда уюшган жиноий гуруҳ аъзоларига нисбатан товламачилик, одам ўғирлаш, зўрлик билан озодликдан маҳрум қилиш каби моддалар бўйича жиноят иши қўзғатилган ва тергов ҳаракатлари давом этмоқда.






