Россия Федерациясига амалий ташриф доирасида Санкт-Петербург шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев, Қирғиз Республикаси Президенти Садир Жапаров ва Тожикистон Республикаси Президенти Эмомали Раҳмонга Лев Толстой номидаги Халқаро тинчлик мукофотини топшириш маросими бўлиб ўтди.

Мукофот Россия Президенти Владимир Путин ҳузурида унинг ҳайъати раиси, дирижёр Валерий Гергиев томонидан топширилди.

Уч мамлакат етакчилари Марказий Осиё минтақасида тинчлик, хавфсизлик ва яхши қўшничиликни мустаҳкамлашга қўшган шахсий ҳиссаси учун ушбу мукофотга сазовор бўлди.

Қайд этилишича, 2025 йил 31 март куни Хўжанд шаҳрида давлат чегараларининг туташган нуқтаси тўғрисидаги шартнома ҳамда Абадий дўстлик декларациясининг имзоланиши минтақада барқарорлик ва ўзаро ишончни мустаҳкамлашда муҳим қадам бўлган.






