Сурияда шиаларга мансуб Имом Али ибн Абу Толиб масжидида юз берган портлаш ортидан мамлакатнинг қирғоқбўйи ҳудудларида яшовчи алавийлар оммавий норозилик намойишларини ўтказди. Бу ҳақда Zamon.uz хабар берди.
Намойишчиларнинг талаблари орасида алавийлар хавфсизлигини кучайтириш ҳамда ўзини ўзи бошқариш ваколатларини кенгайтириш бор. Норозиликлар Ҳомс шаҳридаги масжидда жума намози вақтида содир бўлган портлашдан икки кун ўтиб бошланган.
Латакия ва Тартус шаҳарларида норозилик билдирувчилар билан қарши намойишчилар ўртасида тўқнашувлар юз берган. Маҳаллий соғлиқни сақлаш идораларига кўра, ҳодисалар оқибатида камида уч киши ҳалок бўлган, қарийб 60 нафар фуқаро жароҳат олган. Қурбонлар орасида хавфсизлик кучлари ходими ҳам бор.
Расмийлар тартибни тиклаш учун қўшимча хавфсизлик кучлари жалб этилганини, айрим ҳудудларда майдонлар вақтинча ёпилганини маълум қилди. Ҳукумат Ҳомсдаги портлашни қоралаб, айбдорлар жавобгарликка тортилишини билдирган, бироқ ҳозирча гумонланувчилар ҳақида расмий маълумот берилмаган.






