АсосийДунё

АҚШ Венесуэлага илк бор ҳаво зарбаси берганини маълум қилди

Дональд Трампнинг айтишича, зарба гиёҳванд моддалар ташиш билан боғлиқ инфратузилмага қаратилган.

'АҚШ Венесуэлага илк бор ҳаво зарбаси берганини маълум қилди'ning rasmi

АҚШ Венесуэла ҳудудига биринчи марта ҳаво ҳужумини амалга оширган. Бу ҳақда АҚШ Президенти Дональд Трамп 29 декабрь куни Исроил Бош вазири Биньямин Нетаньяху билан учрашув олдидан маълум қилди.

Трампнинг сўзларига кўра, зарба гиёҳванд моддалар кемаларга юкланадиган порт ҳудудига берилган. У Флоридада журналистлар билан мулоқот чоғида портда катта портлаш содир бўлганини ва бир нечта кемалар йўқ қилинганини айтган.

Шу билан бирга, АҚШ ҳарбийлари ва Венесуэла расмийлари мазкур ҳужум юзасидан расмий баёнот бермади. Марказий разведка бошқармаси, Оқ уй ва Пентагон ҳам воқеага изоҳ беришдан тийилди.

Айни пайтда ижтимоий тармоқларда Венесуэланинг Маракаибо шаҳри яқинида жойлашган кимё корхонасида портлаш бўлгани ҳақида хабарлар тарқалди. Бироқ компания бу ҳолатни электр симларидаги носозлик оқибатида чиққан ёнғин дея изоҳлади.

CNN манбаларига кўра, декабрь ойи бошида АҚШ Марказий разведка бошқармаси Венесуэла қирғоғида гиёҳванд моддалар юклаш учун фойдаланилган пирсга дрон орқали зарба берган. Хабарда ҳужум оқибатида қурбонлар бўлмагани таъкидланади.

    Бошқа янгиликлар