“Centrum Air” авиакомпаниясининг Тошкент — Урганч йўналиши бўйича парвозни амалга ошираётган самолётига чақмоқ урилди. Бу ҳақда компания матбуот хизмати хабар қилди.
Маълум қилинишича, 19 май куни C6089 рейси учун дастлаб ажратилган Airbus A330 ҳаво кемасига чақмоқ урилган. Шундан сўнг самолёт техник кўрик учун хизмат марказига юборилган. Ушбу ҳолат авиакомпаниянинг кейинги бир қатор рейслари кечикишига сабаб бўлган.
C6089 рейсини жадвал асосида амалга ошириш мақсадида ҳаво кемасини сиғими кичикроқ бўлган Airbus A320 самолётига алмаштиришга қарор қилинган. Шу боис 40 нафар йўловчи мазкур рейс билан парвоз қила олмаган.
Авиакомпания маълумотига кўра, йўловчиларга чипта маблағини тўлиқ қайтариш ёки энг яқин бўш рейсга, жумладан бошқа авиакомпаниялар рейсларига қайта брон қилиш имконияти таклиф этилган. Кутиш вақти узоқ давом этган йўловчилар меҳмонхонага жойлаштирилган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ “Centrum Air”нинг Тошкент — Гуанчжоу — Тошкент йўналишидаги рейси ҳам самолётга чақмоқ урилгани сабаб кечиктирилган эди.






