Uzbekistan Airways авиакомпаниясининг Boeing 767-300 самолёти техник носозлик туфайли Россиянинг Красноярск шаҳридаги аэропортга фавқулодда қўнишни амалга оширди. Бу ҳақда Лента нашри хабар бермоқда.
“Uzbekistan Airways авиакомпаниясининг Boeing 767-300 самолёти Тошкентдан Владивостокка учаётган вақтда Красноярскка фавқулодда қўнишни амалга оширди. Самолёт бортида 122 йўловчи ва экипаж аъзолари бўлган. Жароҳат олганлар йўқ. Аэропорт одатдагидек ишламоқда”, дейилади хабарда.
Ушбу вазият юзасидан Uzbekistan Airways “Техник сабабларга кўра HY707 рейси (Тошкент — Владивосток) Красноярск шаҳридаги захира аэропортига йўналтирилди”, дея муносабат билдирди.
HY707/708 рейсларининг кейинги ҳаракат жадвали ва батафсил маълумотлар қўшимча равиш эълон қилиниши таъкидланди.