Президентнинг “Муборак Қурбон ҳайити муносабати билан аҳолини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш ва меҳр-саховат тадбирларини самарали ташкил этиш тўғрисида”ги қарори асосида Сурхондарё вилоятида хайрия ва кўмак тадбирлари давом этмоқда.
Вилоят онкология диспансерида даволанаётган 15 ёшли Муниса Шодиқулова ҳам ана шундай ёрдамга муҳтож беморлардан бири эди. Унга остеосаркома — суяк саратони ташхиси қўйилган бўлиб, бир неча ойдан буён шифокорлар назоратида даволанмоқда.
Моддий имконият чеклангани сабабли зарур жарроҳлик амалиёти орқага сурилган эди. Қурбон ҳайити арафасида эса Муниса учун бепул операция ўтказилиши белгиланди.
Қайд этилишича, бу хабар ёш қиз ва унинг яқинларига яна ҳаётга бўлган ишончни қайтарган.
Маълумот учун, Сурхондарё вилоятида Қурбон ҳайити муносабати билан ҳозирга қадар 700 нафарга яқин оғир аҳволдаги беморлар ва болаларнинг операцияларини амалга ошириш режалаштирилган.






