Президент Шавкат Мирзиёев миллий адабиёт ва маданият ривожига улкан ҳисса қўшган атоқли адабиётшунос олим, адиб ва таржимон, Ўзбекистон Қаҳрамони Иброҳим Ғафуров вафоти муносабати билан унинг оила аъзолари ва яқинларига ҳамдардлик билдирди.
Иброҳим Ғафуров 6 июнь куни 89 ёшида вафот этгани қайд этилган. У 60 йилдан ортиқ давом этган фаолияти давомида бой илмий ва бадиий мерос қолдиргани таъкидланди.
Шунингдек, марҳум мамлакатнинг ижтимоий-маънавий ҳаётида, ёш ижодкорларни қўллаб-қувватлаш ҳамда миллий адабиёт ва санъатни ривожлантириш жараёнларида фаол иштирок этиб келгани қайд этилди.
“Заҳматкаш олим, атоқли адиб, ёшларнинг меҳрибон устози, самимий ва камтарин инсон Иброҳим Ғафуровнинг ёрқин хотираси қалбларимизда ҳамиша сақланиб қолади”, дейилади ҳамдардликда.
Иброҳим Ғафуров давлат мукофотлари билан тақдирланган бўлиб, у “Ўзбекистон Қаҳрамони” унвони, “Ўзбекистон Республикаси санъат арбоби” фахрий унвони ҳамда “Дўстлик” ва “Меҳнат шуҳрати” орденлари соҳиби бўлган.






