Сирдарё вилоятининг Гулистон туманида чиябўри одамларга ҳужум қилди. Бу ҳақда вилоят ҳокимлиги расмий муносабат билдирди.
Маълум қилинишича, ҳодиса кеча, 9 июн куни соат 17:30 атрофида Гулистон туманининг Ишонч маҳалласида, дала майдонига яқин ҳудудда содир бўлган. Бир дона чиябўри тўрт нафар фуқарога ҳужум қилган.
Қайд этилишича, шу маҳаллада яшовчи фуқаро тезкор чора кўриб, ҳайвонни зарарсизлантирган.
Ҳокимлик маълумотига кўра, жароҳат олганларга зудлик билан тиббий ёрдам кўрсатилган. Айни вақтда уларнинг саломатлиги тиббиёт ходимлари назоратида бўлиб, аҳволи қониқарли деб баҳоланмоқда.
Шунингдек, ҳолат юзасидан тегишли ташкилотлар томонидан ўрганиш ишлари олиб борилаётгани ҳамда бундай ҳолатларнинг олдини олишга қаратилган профилактик тадбирлар кучайтирилгани билдирилди.






