Бугун, 11 июнь куни тонгда Хитойнинг Гуанси-Чжуан автоном районидаги Синъань туманида содир бўлган кучли портлаш оқибатида 7 киши ҳалок бўлди, 17 нафар фуқаро тан жароҳати олди. Бу ҳақда China Daily нашри хабар берди.
Маълум қилинишича, ҳодиса маҳаллий вақт билан соат 01:40 атрофида Синъань туманида жойлашган Линьцзян кўчасида юз берган.
Воқеадан сўнг Гуйлин шаҳри ҳамда Синъань тумани раҳбарлари зудлик билан ҳодиса жойига етиб бориб, полиция, ёнғин хавфсизлиги, соғлиқни сақлаш ва фавқулодда вазиятлар хизматлари билан ҳамкорликда қутқарув ишларини ташкил этган.
Қутқарувчилар воқеа ҳудудида бир неча босқичда кенг қамровли қидирув ишларини амалга оширган. Жароҳатланган 17 кишининг барчаси шифохонага ётқизилган бўлиб, уларнинг аҳволи барқарор экани ва ҳаёти учун хавф мавжуд эмаслиги билдирилган.
Айни вақтда ҳодиса жойида қутқарув ва тиклаш ишлари давом этмоқда.
Дастлабки текширув натижаларига кўра, портлаш газ қувуридаги сизиб чиқиш билан боғлиқ эмаслиги аниқланган.
Ҳозирда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан воқеанинг келиб чиқиш сабаблари юзасидан тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.






