Фарғона вилоятининг Бувайда туманида 7-синф ўқувчиси отасига тегишли автомобилни рухсатсиз бошқариб чиқиб, йўл-транспорт ҳодисасини содир этди. Бу ҳақда Zamon.uz маълум қилди.
Қайд этилишича, жорий йилнинг 23 май куни соат 15:00 ларда туманнинг “Теплик” маҳалласи ҳудудида вояга етмаган ўқувчи отасига тегишли бўлган Kia Sorento русумли автомобилни уйда қаровсиз қолдирилган ҳолатдан фойдаланиб, рухсатсиз олиб чиққан.
Маълумотларга кўра, ўқувчи маҳалла кўчаларида автомобилни бошқариб кетаётган вақтда тезликни меъёрдан оширган ва оқибатда бошқарувни йўқотиб, йўл-транспорт ҳодисасини содир этган.
Ҳодиса натижасида тан жароҳати олганлар қайд этилмаган. Бироқ транспорт воситаси техник шикастланган.
Айни пайтда мазкур ҳолат юзасидан Бувайда тумани Ички ишлар бўлими Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати ходимлари томонидан суриштирув ишлари олиб борилмоқда.





