Ўзбекистонда янги ўзбек алифбосига ўтиш жараёнида компьютер клавиатураларида Ö, Ğ, Ş ва Ç ҳарфлари учун алоҳида тугмалар пайдо бўлиши мумкин. Давлат ахборот тизимлари, электрон ҳукумат платформалари, маълумотлар базалари ва электрон ҳужжат айланиши ҳам янги алифбога мослаштирилади.
Бу ҳақда бугун, 10 сентябрь куни Олий Мажлис Сенатининг 19-ялпи мажлисида маълум қилинди.
Масала сенатор Ҳусан Эрматов томонидан кўтарилди. У янги алифбода тўртта ҳарф шакли ўзгариши муносабати билан уларни давлат ахборот тизимларида қўллаш учун техник тайёргарлик қандай олиб борилаётгани ҳақида сўради.
Саволга Рақамли технологиялар вазири маслаҳатчиси Нурилла Абдуллаев жавоб берди. Унинг айтишича, бу борада Вазирлар Маҳкамаси ва Сенат билан ҳамкорликда чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилган.
«Қонун қабул қилиниши билан бу режаларни амалга оширишга ўтамиз», деди Нурилла Абдуллаев.
Унинг таъкидлашича, янги алифбога ўтиш жараёнида ягона техник стандарт ишлаб чиқилади. Шунингдек, мавжуд маълумотлар базалари аудитдан ўтказилиб, улардаги Ў, Ғ, Ш, Ч каби ҳарфлар янги алифбодаги Ö, Ğ, Ş ва Ç ҳарфларига автоматик равишда алмаштирилади.
Бундан ташқари, ахборот тизимлари ўртасидаги интеграция ва маълумотлар алмашинуви, электрон ҳужжат айланиши ҳам янги алифбога мослаштирилади. Фуқароларга оид маълумотларни миграция қилиш, қидирув ва идентификация механизмларини такомиллаштириш ҳам режалаштирилган.
«Биринчидан, биз бу жараёнда ягона техник стандарт ишлаб чиқамиз. Иккинчидан, маълумотлар базалари аудитдан ўтказилади ва уларда мавжуд Ў, Ғ, Ш, Ч каби ҳарфлар автоматик равишда алмаштирилади. Учинчидан, интеграция ва маълумотлар алмашинуви мослаштирилади. Тўртинчидан, электрон ҳужжат айланиши мослаштирилади. Бешинчидан, фуқаролар ва маълумотларни миграция қилиш жараёнлари амалга оширилади. Олтинчидан, қидирув ва идентификация механизмлари такомиллаштирилади», деди у.






