АсосийЖАМИЯТ

Озод Солиев Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюрди

Озод Солиев Марказ Ўзбекистон фуқароларидан ташқари хорижий меҳмонлар учун ҳам мамлакатнинг бой тарихий-маданий мероси билан танишишда муҳим аҳамиятга эга эканини қайд этди.

'Озод Солиев Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюрди'ning rasmi

Америка Қўшма Штатларида фаолият юритаётган “Vatan Global Alliance” жамияти раиси Озод Солиев Тошкентдаги Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюрди. У Марказ экспозиция залларида Ўзбекистон ҳудудида шаклланган цивилизациялар, ислом маданияти ва маърифати, илм-фан тараққиёти ҳамда буюк алломаларнинг илмий мероси билан танишди.

Ташриф давомида Озод Солиевга Ўзбекистон тарихининг турли даврларига оид нодир экспонатлар, уларнинг келиб чиқиши ва илмий ўрганилиши ҳақида маълумот берилди.

У Марказ ҳақида аввал ахборот воситалари орқали маълумот олганини, аммо унинг кўлами ва мазмунини бевосита кўрганидан сўнг тасаввури янада кенгайганини айтди.

“Мен бу Марказ ҳақида аввал эшитган, янгиликларда кўрган эдим. Лекин унинг бундай кенг қамровли эканлигини тасаввур ҳам қилмаган эканман. Инсон бу ерда тарихимиз қанчалик бой ва чуқур эканини ҳис қилади. Биринчи Ренессансдан бошлаб бугунги кунга қадар бўлган тараққиёт босқичларини бир маконда ана шундай яхлит тарзда намойиш этиш — жуда катта меҳнат натижаси”, деди Озод Солиев.

Унинг таъкидлашича, экспозицияларда ҳар бир экспонатнинг тарихи ва аҳамияти ҳақида маълумот берилиши ташриф буюрувчиларга ўтмишни янада чуқурроқ англаш имконини беради.

“Ҳар бир экспонатнинг ўз тарихи бор. Қаердан олиб келингани, қачон топилгани, қандай аҳамиятга эга экани ҳақида маълумотлар берилган. Бундай масканга кирган инсон бу ердан шунчаки чиқиб кетмайди. У ўз тарихини, ислом цивилизацияси ва юртимиз ўтмишини янада чуқурроқ англаган ҳолда чиқади”, деди у.

Озод Солиев Марказ Ўзбекистон фуқароларидан ташқари хорижий меҳмонлар учун ҳам мамлакатнинг бой тарихий-маданий мероси билан танишишда муҳим аҳамиятга эга эканини қайд этди.

“Бошқа миллат ва бошқа давлат вакиллари бу ерга келса, улардаги ҳайрат янада ортади. Чунки бу маскан бизнинг тарихимиз, ўзлигимиз ва маданий меросимизни намоён этади”, деди жамият раиси.

Ташриф чоғида Марказ экспозицияларини яратишда қўлланилган замонавий ёндашувлар ҳам меҳмонда қизиқиш уйғотди. У қисқа вақт ичида барпо этилган мазкур мажмуа тарихий меросни асраш, илмий ўрганиш ва уни кенг жамоатчиликка етказишга хизмат қилаётганини таъкидлади.

Шунингдек, Озод Солиев Марказнинг халқаро миқёсда эътироф этилаётганини, жумладан, Гиннес рекордлар китобига киритилганини унинг кўлами ва аҳамиятини кўрсатувчи омиллардан бири сифатида баҳолади.

Унинг қайд этишича, Ислом цивилизацияси марказининг ташкил этилгани Ўзбекистоннинг тарихий ва маданий меросини асраб-авайлаш, уни илмий тадқиқ этиш ҳамда халқаро жамоатчиликка кенг тарғиб қилишга қаратилаётган эътиборнинг амалий ифодасидир.

Озод Солиев, шунингдек, АҚШда фаолият юритаётган “Vatan Global Alliance” жамияти доирасида ватандошларни бирлаштириш ва турли ташаббус ҳамда лойиҳаларни амалга ошириш бўйича ишлар олиб борилаётганини маълум қилди.

Ташриф якунида у Марказ Ўзбекистоннинг бой тарихи ва маданий меросини дунёга намоён этишда муҳим маърифий маскан бўлиб хизмат қилишини таъкидлади.

    Бошқа янгиликлар