Наманган ва Андижон вилоятларида кучли таъсир қилувчи дори воситаларини қонунга хилоф равишда муомалага киритиш билан шуғулланган шахслар ушланди. Бу ҳақда Бош прокуратура ҳузуридаги Департамент хабар берди.
Департаментнинг Поп тумани бўлими ва бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирда фуқаро М.Ё. 938 дона “Регапен” номли кучли таъсир қилувчи дори воситасини О.Н.га 7 минг 700 АҚШ долларига сотаётган вақтида ушланган.
Шунингдек, М.Ё.дан яна 1848 дона кучли таъсир қилувчи дори воситаси ашёвий далил сифатида олинган.
Терговга қадар текширувда М.Ё. мазкур дориларни таниши, муқаддам судланган М.С. билан Фарғона шаҳрида сотиб олгани аниқланган. Маълум бўлишича, М.Ё. дориларни олиб келиб, локация бўйича жойлаштириш ва сақланишини таъминлаган, М.С. эса мижоз топиб, дориларни сотиш билан шуғулланган.
Бундан ташқари, Департаментнинг Балиқчи тумани бўлими томонидан ўтказилган тезкор тадбирда М.О.нинг “Наврўз” МФЙ ҳудудидаги хонадони кўздан кечирилган.
У ердан сотиш мақсадида сақлаб келинган 308 дона “Регапен” номли кучли таъсир қилувчи дори воситаси аниқланиб, ашёвий далил сифатида олинган.
Мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг 276-6-моддаси билан жиноят ишлари қўзғатилган. Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.






