АсосийЖАМИЯТ

Таиландда Бангкокдаги қонли теракт учун икки уйғур ўлим жазосига ҳукм қилинди

Нашр маълумотига кўра, Адем Қарадоғ ва Юсуф Мирали тергов ва суд жараёнлари давомида ўзларига нисбатан қўйилган айбловларни рад этиб келган.

'Таиландда Бангкокдаги қонли теракт учун икки уйғур ўлим жазосига ҳукм қилинди'ning rasmi

Таиланд суди 2015 йилда Бангкок марказида содир этилган ва 20 кишининг ҳаётига зомин бўлган портлаш иши бўйича икки нафар уйғур миллатига мансуб шахсни ўлим жазосига ҳукм қилди. Бу ҳақда Reuters агентлиги суд баёнотига таяниб хабар берди.

Маълум қилинишича, ҳукм бугун, 11 июнь куни Адем Қарадоғ ва Юсуф Миралига нисбатан чиқарилган. Портлаш Таиланд пойтахти марказида жойлашган машҳур Эраван зиёратгоҳи ҳудудида содир бўлган бўлиб, ҳодиса оқибатида 20 киши ҳалок бўлган, яна 120 киши турли даражада жароҳатланган. Қурбонлар орасида Хитойнинг беш нафар ва Гонконгнинг икки нафар фуқароси ҳам бўлган.

Суд ҳужжатларида қайд этилишича, айбланувчиларнинг ҳаракатлари бир нечта оғир жиноят таркибини ташкил қилган. Улар олдиндан режалаштирилган қотилликда айбдор деб топилган ва ушбу модда бўйича ўлим жазоси тайинланган.

Нашр маълумотига кўра, Адем Қарадоғ ва Юсуф Мирали тергов ва суд жараёнлари давомида ўзларига нисбатан қўйилган айбловларни рад этиб келган.

Уларнинг адвокати Чамроен Паномпакорн ҳукм устидан шикоят қилиниши ҳақида маълум қилди.

“Қўрқманглар, олдинда яна учта суд босқичи бор”, деди у журналистлар билан мулоқотда.

Ҳимоя томонининг яна бир вакили Чучат Канпай эса суд айрим муҳим далилларни инобатга олмаганини таъкидлаб, апелляция бериш муддатини узайтиришни сўрашини билдирди. Таиланд қонунчилигига кўра, ҳукм устидан бир ой ичида шикоят қилиш мумкин.

Мазкур иш бўйича суд жараёни ўн йилдан ортиқ вақт давом этди. Тергов давомида прокурорлар юзлаб гувоҳларни сўроқ қилган, шунингдек, гумонланувчилар учун муносиб таржимон топишда ҳам қийинчиликларга дуч келган.

Reuters қайд этишича, 2015 йилги теракт учун ҳеч бир ташкилот расман жавобгарликни ўз зиммасига олмаган. Бироқ хавфсизлик масалалари бўйича мутахассислар ҳужумни Таиланд томонидан ўша йилнинг июль ойида 100 дан ортиқ уйғурни Хитойга депортация қилиш қарорига жавоб сифатида баҳолаб келади.

Хитой эса Шинжон-Уйғур автоном районида диний ва маданий эркинликларни чеклаётгани ҳақидаги айбловлар сабаб халқаро майдонда мунтазам танқидларга учраб келмоқда.

Хитой Ташқи ишлар вазирлиги расмий вакили Линь Цзянь суд қарорини қўллаб-қувватлашини билдирган.

“Жиноятчилар ўта шафқатсиз ҳаракат қилган ва ўта оғир жиноят содир этган”, деди у.

Маълумот учун, ўтган йили Таиланд яна 40 нафар уйғурни Хитойга депортация қилган эди. Бу қарор БМТ инсон ҳуқуқлари бўйича экспертларининг чақириқларига қарамай қабул қилинган. Халқаро экспертлар мазкур шахслар Хитойга қайтарилган тақдирда қийноқлар, шафқатсиз муносабат ва бошқа жиддий хавф-хатарларга дуч келиши мумкинлигидан огоҳлантирган.

    Бизни ижтимоий тармоқларда кузатиб боринг

    Бошқа янгиликлар

    'Ярим асрлик армон тугади: Ўзбекистон Жаҳон чемпионатига қандай етиб борди?'ning rasmi

    ЖАМИЯТ Бугун 15:03

    Ярим асрлик армон тугади: Ўзбекистон Жаҳон чемпионатига қандай етиб борди?

    Ўзбекистон миллий футбол терма жамоаси 2026 йилги Жаҳон чемпионатига йўлланма олиб, мамлакат спорт тарихида янги саҳифа очди.

    'Ўзбекистонда наркожиноятлар учун жазо кучайтирилади, вояга етмаганларга машина беришга қарши чоралар кўрилади'ning rasmi

    ЖАМИЯТ Бугун 14:34

    Ўзбекистонда наркожиноятлар учун жазо кучайтирилади, вояга етмаганларга машина беришга қарши чоралар кўрилади

    Президент мазкур қонун наркожиноятчиликка қарши курашишни янги босқичга олиб чиқишини таъкидлаб, уни имзолади.

    'Ўзбекистонда айрим тоифадаги ходимларга иш ташлаш тақиқланади'ning rasmi

    ЖАМИЯТ Бугун 14:07

    Ўзбекистонда айрим тоифадаги ходимларга иш ташлаш тақиқланади

    Фавқулодда ҳолат ёки фавқулодда вазиятлар даврида, шунингдек, уруш ҳолати жорий этилганда ёки умумий сафарбарлик эълон қилинган вақтда иш ташлашларга йўл қўйилмайди.

    'Берен Саат ва Кенан Доғулу наркотиклар иши бўйича текширилмоқдами?'ning rasmi

    ЖАМИЯТ Бугун 13:02

    Берен Саат ва Кенан Доғулу наркотиклар иши бўйича текширилмоқдами?

    Туркия оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқларда актриса Берен Саат ҳамда унинг турмуш ўртоғи, хонанда Кенан Доғулу ҳақида тарқалаётган хабарлар кенг муҳокамаларга сабаб бўлмоқда.

    'Ўзбекистонда онкология хизмати ва паллиатив ёрдам тизими тубдан такомиллаштирилади'ning rasmi

    ЖАМИЯТ Бугун 12:48

    Ўзбекистонда онкология хизмати ва паллиатив ёрдам тизими тубдан такомиллаштирилади

    Энг кўп учрайдиган саратон турларини эрта аниқлаш дастурлари ишлаб чиқилиб, тезкор ташхислаш марказлари ташкил этилади.

    'Қирғизистон санкция хавфи туфайли 50 та компанияни тугатмоқчи'ning rasmi

    ЖАМИЯТ Бугун 12:25

    Қирғизистон санкция хавфи туфайли 50 та компанияни тугатмоқчи

    Бишкек санкция сиёсати масалаларида мувозанатли ва холис ёндашув тарафдори бўлиб, чеклов чоралари учинчи давлатлар ҳамда ҳалол бизнес субъектларига асоссиз равишда таъсир қилмаслиги лозим.