Америкалик хонанда ва актриса Ариана Гранде Оқ уйдан ўз мусиқий асарларини АҚШ Президенти Дональд Трамп маъмуриятининг миграция сиёсатига оид видеоларда қўлламасликни талаб қилди. Бу ҳақда CBS News хабар берди.
Маълум қилинишича, Оқ уйнинг TikTok саҳифасида миграция сиёсатига бағишланган видеоролик эълон қилинган. Унда федерал агентлар томонидан одамларнинг ҳибсга олиниши ва уларга кишан тақилиши акс этган. Видеога фон сифатида Ариана Гранденинг “Bye” қўшиғи қўйилган.
Шундан сўнг хонанда мазкур видеога муносабат билдириб, ўз мусиқасидан бундай мазмундаги материалларда фойдаланмасликни сўраган.
“Илтимос, менинг мусиқамдан бундай ваҳшиёна, ғайриинсоний ва жирканч ҳолатлар билан боғлиқ контентларда ҳеч қачон фойдаланманг”, деб ёзган Гранде.
Унинг баёнотига жавобан Оқ уй матбуот котиби Эбигейл Жексон миграция сиёсатига танқид билдирганларга қарши фикр билдирган.
“Ҳақиқий ваҳшиёна ва ғайриинсоний ҳаракатлар — бу ноқонуний муҳожирлар томонидан Америка фуқароларига қарши содир этилган жиноятлардир”, деган у.
Нашр маълумотларига кўра, Ариана Гранде жамоаси ҳозирда қўшиқдан фойдаланишни тўхтатиш ва уни видеодан олиб ташлаш бўйича ҳуқуқий имкониятларни ўрганмоқда.






