Бугун, 17 июнь куни 2026 йилги футбол бўйича Жаҳон чемпионати гуруҳ босқичининг биринчи туридан ўрин олган Австрия ва Иордания терма жамоалари ўртасидаги учрашув бўлиб ўтди. Баҳс австрияликларнинг 3:1 ҳисобидаги ғалабаси билан якунланди.
Учрашувда ҳисоб 20-дақиқада очилди. Австрия терма жамоаси ярим ҳимоячиси Романо Шмид рақиб дарвозасини ишғол қилиб, жамоасини олдинга олиб чиқди.
Танаффусдан кейин Иордания мундиаллардаги илк голини киритишга муваффақ бўлди. 50-дақиқада Али Олваннинг аниқ зарбаси ҳисобни тенглаштирди.
Бироқ ўйиннинг ҳал қилувчи палласида омад Иорданиядан юз ўгирди. 76-дақиқада ҳимоячи Язан Ал-Араб тўпни ўз дарвозасига йўллаб қўйиб, Австрияни яна олдинга чиқарди.
Баҳсга нуқтани эса тажрибали ҳужумчи Марко Арнаутович қўйди. У қўшимча вақтнинг 12-дақиқасида белгиланган пенальтидан унумли фойдаланиб, жамоасининг учинчи голини урди.
Шу тариқа, Австрия терма жамоаси Жаҳон чемпионатидаги иштирокини ишончли ғалаба билан бошлади. Биринчи турдан сўнг австрияликлар Аргентина билан бирга “Ж” гуруҳида пешқадамлик қилмоқда.
Энди Австрия терма жамоаси 22 июнь куни Аргентинага қарши майдонга тушса, Жаҳон чемпионати дебютанти бўлган Иордания 23 июнь куни Жазоир билан баҳс олиб боради.






