Аввалги турда Кабо-Вердега қарши очко йўқотган Испания бу сафар Саудия Арабистонини аямади. Ламин Ямал етакчилигидаги испанлар рақиб дарвозасига жавобсиз тўртта гол уриб, 4:0 ҳисобида йирик ғалабани қўлга киритди.
Бельгия ва Эрон ўртасидаги баҳс эса муросасиз курашларга бой бўлди. Гуруҳнинг муҳим учрашувларидан бири сифатида баҳоланган ўйинда Эрон дарвозабони бир қатор муҳим сейвлари билан жамоасини мағлубиятдан қутқариб қолди ва ўз ҳиссасига қимматли очкони ёзиб қўйди.
Куннинг энг диққат марказидаги учрашувларидан бирида Уругвай Кабо-Верде билан куч синашди. Турнирнинг энг катта сенсациясига айланаётган Кабо-Верде бу сафар ҳам мухлисларни ҳайратда қолдирди. Африка вакили Уругвайга қарши баҳсда ҳам очко ишлаб, плей-офф йўлида муҳим қадам ташлади.
Куннинг сўнгги баҳсида эса Миср Янги Зеландияга қарши иродали ғалабага эришди. Биринчи бўлимдан кейин ҳисобда ортда бораётган мисрликлар танаффусдан сўнг ўйинни ўзгартира олди. Муҳаммад Салоҳ бошчилигидаги жамоа рақиб дарвозасига учта гол уриб, 3:1 ҳисобида зафар қучди.
Энди эса футбол мухлисларининг асосий эътибори Уругвай ва Испания ўртасидаги ҳал қилувчи тўқнашувга қаратилган. Мазкур баҳс гуруҳ тақдирига жиддий таъсир кўрсатиши кутилмоқда.






