АсосийЖАМИЯТ

Сурхондарёда сел оқими халқаро аҳамиятга эга кўприкка зарар етказди

Аввалроқ ижтимоий тармоқларда сел оқибатида кўприк чўкиб кетгани акс этган видеолар тарқалган эди.

'Сурхондарёда сел оқими халқаро аҳамиятга эга кўприкка зарар етказди'ning rasmi

Сурхондарё вилоятининг Сариосиё туманида кучли ёғингарчиликлар оқибатида юзага келган сел оқими Обизаранг дарёси устидаги кўприкка зарар етказди. Бу ҳақда вилоят ҳокимлиги расмий маълумот берди.

Аввалроқ ижтимоий тармоқларда сел оқибатида кўприк чўкиб кетгани акс этган видеолар тарқалган эди.

Маълум қилинишича, 21 июнь куни тоғли ҳудудларда кузатилган ёғингарчиликлар туфайли Обизаранг дарёсида сув сатҳи кескин кўтарилиб, сел оқими юзага келган. Оқибатда “Анорзор” маҳалласи ҳудудидан оқиб ўтувчи дарё устида жойлашган М-41 “Бишкек — Душанбе — Термиз” халқаро автомобиль йўлининг 1449-километридаги кўприк иншооти шикастланган.

Дастлабки ўрганишлар давомида кўприк конструкцияларида зарарланиш ҳолатлари аниқланган. Шу боис хавфсизлик нуқтаи назаридан мазкур йўналишда транспорт ҳаракати вақтинча тўхтатилди.

Қайд этилишича, мазкур кўприк 1977 йилда қурилган бўлиб, унинг умумий узунлиги 54,7 метрни ташкил этади. Иншоот Тожикистон билан боғловчи муҳим транспорт йўлакларидан бири саналади. У орқали ҳар соат ўртача 600 дан 800 тагача транспорт воситаси ҳаракатланади.

Мутахассисларнинг дастлабки хулосасига кўра, зарарга асосий сабаб ёғингарчиликлар оқибатида дарёда сув сатҳи ва оқим тезлигининг кескин ортиши ҳамда кўприк таянчларига юқори босим тушгани билан изоҳланмоқда.

Ҳозирда автотранспорт воситалари ҳаракати Узун туманидаги “Дўстлик”, “Янгийўл” ва “Қарашиқ” маҳаллалари орқали ташкил этилган айланма йўллар бўйича амалга оширилмоқда.

Айни вақтда вилоят ва туман ҳокимликлари, Автомобиль йўллари қўмитаси ҳамда тегишли ташкилотлар мутахассисларидан иборат ишчи гуруҳ воқеа жойида иш олиб бормоқда. Кўприкнинг техник ҳолати ўрганилиб, етказилган зарар кўлами баҳоланмоқда ва транспорт қатновини қайта тиклаш бўйича зарур чоралар ишлаб чиқилмоқда.

    Бошқа янгиликлар