Ўзбекистонда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан ноқонуний муомаладан олинган қарийб 3 тонна гиёҳвандлик воситалари ёқиш йўли билан йўқ қилинди. Бу ҳақда Давлат хавфсизлик хизмати маълум қилди.
Қайд этилишича, Давлат хавфсизлик хизмати ҳамда бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ҳамкорлигида жами 2 тонна 963 килограмм гиёҳвандлик воситалари махсус тартибда йўқ қилинган.
Йўқ қилинган наркотик моддалар орасида 78 килограммдан ортиқ героин, 426 килограмм опий, 646 килограмм гашиш, шунингдек, 131 килограмм альфа-ПВП, қарийб 62 килограмм мефедрон ва 69 килограмм прегабалин мавжуд.
Маълум қилинишича, жорий йилнинг биринчи ярим йиллигида Давлат хавфсизлик хизмати ва Чегара қўшинлари бошқа идоралар билан ҳамкорликда жами 2 тонна 304 килограмм гиёҳвандлик воситаларини мусодара қилган. Улар орасида қарийб 1,6 тонна гашиш ҳамда 300 минг донадан ортиқ кучли таъсир қилувчи дори воситалари бор.
Шунингдек, интернет орқали наркотик моддалар савдоси билан шуғулланган гуруҳларга қарши ўтказилган тадбирлар давомида Тошкент вилояти, Андижон вилояти ва Тошкент шаҳрида жойлашган 6 та нарколаборатия фаолиятига чек қўйилган. У ерлардан жами 36,5 килограмм синтетик наркотик моддалар мусодара қилинган.
Хусусан, февраль ойида Андижон вилоятида икки нафар шахс томонидан ташкил этилган нарколабораториядан 26 килограмм мефедрон ҳамда уни тайёрлаш учун мўлжалланган кимёвий хомашёлар аниқланган.
Бундан ташқари, кучли таъсир қилувчи дори воситаларини бошқа маҳсулотлар ниқоби остида хориждан олиб кириб, яширин цехларда қадоқлаш ва тарқатиш билан шуғулланган 6 та ноқонуний цех фаолияти ҳам тугатилган. Ушбу жиноятларни ташкил этган шахсларга нисбатан жиноят ишлари қўзғатилган. Уларни хориждан туриб бошқарган шахсларни аниқлаш ва ушлаш юзасидан халқаро ҳамкорлар билан тезкор тадбирлар олиб борилмоқда.
Давлат хавфсизлик хизматига кўра, 2025–2026 йилларда Россия, Қозоғистон, Қирғизистон ва Тожикистон ваколатли идоралари билан ҳамкорликда ўтказилган 19 та қўшма тезкор тадбир давомида 33 нафар шахс ушланган ҳамда улардан 506 килограммдан зиёд наркотик моддалар мусодара қилинган.






