Суриянинг Идлиб шаҳри яқинида жойлашган Ал-Фуа шаҳарчасида номаълум қуролланган шахслар томонидан амалга оширилган қуролли ҳужум оқибатида ўзбекистонлик жангари ҳалок бўлди. Бу ҳақда Syriahr хабар берди.
Маълумотларга кўра, у ўзи ҳаракатланаётган автомобиль ичида тўғридан тўғри ўққа тутилган ва воқеа жойида ҳалок бўлган.
Қайд этилишича, ҳалок бўлган шахс аввал “Ҳайъат Таҳрир аш-Шом” гуруҳи таркибидаги “Қизил калтаклар” бўлинмасида фаолият юритган.
Ҳодисадан сўнг ҳудудда хавфсизлик чоралари кучайтирилган. Тегишли идоралар томонидан воқеа сабабларини аниқлаш ва ҳужумчиларни топиш бўйича суриштирув ишлари бошланган.
Манбага кўра, мазкур ҳодиса Суриянинг шимоли-ғарбида суиқасдлар ва қуролли ҳужумлар давом этаётган бир пайтда содир бўлган. Бу эса айрим ҳудудларда хавфсизлик назорати ҳали ҳам етарли даражада эмаслигини кўрсатмоқда.






