АсосийЖАМИЯТ

Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасидаги икки чегара пости халқаро мақомга эга бўлади

Гап 2006 йил 4 сентябрда икки давлат ҳукуматлари ўртасида имзоланган давлат чегарасидаги ўтказиш пунктлари тўғрисидаги битимга ўзгартишлар киритиш ҳақидаги протокол ҳақида бормоқда.

'Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасидаги икки чегара пости халқаро мақомга эга бўлади'ning rasmi

Қозоғистон Сенати Ўзбекистон билан давлат чегарасидаги ўтказиш пунктлари тўғрисидаги битимга ўзгартишлар киритишни назарда тутувчи протоколни ратификация қилди. Бу ҳақда Сенат матбуот хизмати маълум қилди.

Қайд этилишича, гап 2006 йил 4 сентябрда икки давлат ҳукуматлари ўртасида имзоланган давлат чегарасидаги ўтказиш пунктлари тўғрисидаги битимга ўзгартишлар киритиш ҳақидаги протокол ҳақида бормоқда.

Протоколга мувофиқ, "Сирдарё – Малик" ҳамда "Селинний – Оқ олтин" автомобиль ўтказиш пунктларининг мақоми икки томонлама (давлатлараро) тоифадан халқаро (кўп томонлама) тоифага ўзгартирилади. Шунингдек, мазкур чегара постлари куну тун, яъни 24 соатлик иш режимига ўтказилади.

Ҳужжатга асосан, ушбу ўтказиш пунктларида фақат енгил автомобиллар ҳаракатланишига оид чеклов ҳам бекор қилинади. Энди улар орқали юк-йўловчи транспорти ҳам ҳаракатланиши мумкин бўлади.

Жумладан, "Селинний – Оқ олтин" чегара пости орқали енгил автомобиллар, бўш юк машиналари, шунингдек, йирик ҳажмли ва оғир вазнли юклар ҳамда товарлар ташувчи транспорт воситалари ҳаракатланишига рухсат берилади.

"Сирдарё – Малик" чегара пости эса енгил автомобиллар ва бўш юк машиналари ҳаракати учун хизмат қилади. Мазкур пункт орқали тижорат мақсадидаги юклар ва товарларни олиб ўтишга рухсат этилмайди.

Қайд этилишича, протоколнинг амалга оширилиши ҳамда Қозоғистон–Ўзбекистон чегарасидаги ўтказиш пунктлари инфратузилмасини модернизация қилиш транспорт воситалари ва йўловчилар оқимини янада самарали тақсимлашга хизмат қилади.

    Бошқа янгиликлар

    Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасидаги икки чегара пости халқаро мақомга эга бўлади - Darakchi.uz