АсосийДУНË

Венесуэладаги зилзила қурбонлари сони қарийб 2 минг нафарга етди

Ташкилот вакили Кристиан Линдмайернинг сўзларига кўра, эмлаш даражасининг пастлиги сабаб қизамиқ ва дифтерия каби вакцина орқали олди олинадиган касалликлар тарқалиши хавфи ҳам ортиб бормоқда.

'Венесуэладаги зилзила қурбонлари сони қарийб 2 минг нафарга етди'ning rasmi

Ўтган ҳафта Венесуэлада содир бўлган 7,2 ва 7,5 магнитудали икки кучли зилзила оқибатида ҳалок бўлганлар сони 1943 нафарга етди. Бу ҳақда BBC хабар берди.

Маълум қилинишича, мамлакатда ўн минглаб одамлар озиқ-овқат, ичимлик суви ва вақтинчалик бошпанага муҳтож. Ҳозирга қадар 10 мингдан ортиқ киши турли даражада жароҳат олган, яна минглаб одамлар бедарак деб ҳисобланмоқда.

NASAнинг сунъий йўлдош маълумотларига асосланган дастлабки баҳолашига кўра, табиий офат оқибатида тахминан 58 минг 870 та бино зарарланган ёки бутунлай вайрон бўлган.

Энг кўп зарар кўрган ҳудудлардан бири Ла-Гуайра бўлиб, маҳаллий аҳоли қутқарув ишларини ўз кучи билан давом эттирмоқда. БМТнинг Қочқинлар бўйича олий комиссари бошқармаси (UNHCR) маълумотига кўра, ҳудудда озиқ-овқат тақчиллиги кескинлашган, асосий коммунал хизматлар ишдан чиққан ва алоқа тизимлари деярли тўлиқ узилган.
"Ёрдамдан фойдаланиш имкониятлари чеклангани сабабли жамоалар ўртасида кескинлик кучаймоқда", дейилади ташкилот баёнотида.

Ла-Гуайрада яшовчи 18 ёшли сотувчи Даниэла Армас AFP агентлигига берган интервьюсида айрим гуманитар ёрдамлар тарқатилаётганини, аммо озиқ-овқат танқислиги туфайли одамлар ўртасида тортишувлар тез-тез юзага келаётганини айтган.

UNHCR келгуси олти ой давомида зилзиладан жабрланган 30 минг нафар аҳолини ҳимоя қилиш, уларни биринчи навбатдаги эҳтиёж воситалари ва вақтинчалик бошпана билан таъминлаш учун дастлабки босқичда 15 миллион АҚШ доллари талаб этилишини маълум қилди.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (JSСТ) эса мамлакат тиббиёт тизими "ўта кучли босим" остида ишлаётганини билдирди. Ташкилот вакили Кристиан Линдмайернинг сўзларига кўра, эмлаш даражасининг пастлиги сабаб қизамиқ ва дифтерия каби вакцина орқали олди олинадиган касалликлар тарқалиши хавфи ҳам ортиб бормоқда.

    Бошқа янгиликлар

    Венесуэладаги зилзила қурбонлари сони қарийб 2 минг нафарга етди - Darakchi.uz