АсосийЖАМИЯТ

КХДРда автокўргазма баҳонасида бой харидорлар яширинча текширилмоқда

КХДР Ижтимоий хавфсизлик вазирлигига автомобиль кўргазма-савдосини ташкил этишда тўлиқ кўмаклашиш ҳамда тадбир доирасида харидорларнинг шахси ва молиявий манбаларини яширин тарзда ўрганиш вазифаси юкланган.

'КХДРда автокўргазма баҳонасида бой харидорлар яширинча текширилмоқда'ning rasmi

Шимолий Корея ҳукумати Пхеньян шаҳрида ўтказилган йирик автомобиль кўргазмасидан нафақат савдо майдончаси, балки мамлакатдаги бой қатлам ва хусусий тадбиркорларнинг молиявий имкониятларини ўрганиш воситаси сифатида ҳам фойдаланмоқда. Бу ҳақда Daily NK нашри мамлакат пойтахтидаги манбасига таяниб хабар берди.


Манбага кўра, июнь ойи ўрталарида чиқарилган махсус кўрсатмага мувофиқ, КХДР Ижтимоий хавфсизлик вазирлигига автомобиль кўргазма-савдосини ташкил этишда тўлиқ кўмаклашиш ҳамда тадбир доирасида харидорларнинг шахси ва молиявий манбаларини яширин тарзда ўрганиш вазифаси юкланган.


Нашрнинг ёзишича, кўргазма икки давлат савдо компанияси томонидан ташкил этилган. Улардан бири Ташқи иқтисодий алоқалар вазирлигига, иккинчиси эса Миллий разведка агентлигига қарашли. Мазкур идора мамлакатнинг ички хавфсизлиги ва контрразведкаси учун масъул бўлиш билан бирга, давлатга валюта тушумини таъминлайдиган савдо тармоқларини ҳам назорат қилади.


Хабарга кўра, июль ойида бошланиши режалаштирилган автомобиль савдолари олдидан Пхеньяннинг Хвасон тумани хавфсизлик хизматига автосалон атрофида қўшимча назорат ўрнатиш, бўлажак харидорларни кузатиш ҳамда уларнинг маблағлари келиб чиқишини аниқлаш бўйича кўрсатма берилган. Расмийлар харидларга катта қизиқиш бўлишини ҳисобга олган ҳолда кузатув чораларини олдиндан кучайтирган.


Шу билан бирга, хавфсизлик идоралари ходимлари орасида норозилик кайфияти ҳам кузатилаётгани айтилмоқда. Улар давлат ташкил этган пул йиғиш тадбирида фақат тартиб сақловчи вазифасини бажараётганидан норози. Айримлар эса назорат жараёнида норасмий тўловлар ёки пора орқали даромад қилиш имконияти пайдо бўлишидан умид қилмоқда.


Манбанинг таъкидлашича, мамлакатда шаклланаётган хусусий тадбиркорлар ва бадавлат савдогарлар қатлами — «тончжу»лар — ўз маблағларининг аксар қисми норасмий иқтисодиёт орқали тўплангани сабабли автомобиль харид қилишга эҳтиёткорлик билан ёндашмоқда. Улар йирик харид ортидан давлат идоралари пулларининг манбаси билан қизиқишидан хавфсирамоқда.


Нашр қайд этишича, мазкур кўргазманинг асосий мақсади фақат автомобиль сотиш эмас. Расмийлар шу йўл билан бой аҳоли қўлидаги хорижий валютани иқтисодиётга жалб қилиш, шунингдек, аввал норасмий тарзда шаклланган автомобиль савдоси бозорини давлат назоратига ўтказишни кўзламоқда.
Автомобиль кўргазмаси жорий йилнинг 19–28 июнь кунлари Пхеньян шаҳрининг Хвасон туманида ўтказилган. Унда Хитойда ишлаб чиқарилган Zeekr 7X электромобили, шунингдек, янги ва фойдаланилган люкс тоифасидаги автомобиллар намойиш этилган. Олдиндан буюртмалар кўргазманинг ўзида қабул қилинган бўлиб, савдоларни июль ойида бошлаш режалаштирилган.

Миллий разведка агентлигига қарашли савдо компаниялари янги ва фойдаланилган ҳашаматли автомобилларнинг навбатдаги партиясини мамлакат ҳудудига киритиб бўлган.
Манба маълум қилишича, июль ойидан бошлаб Пхеньянда, айниқса Хвасон туманида автомобиль эҳтиёт қисмлари савдоси ва таъмирлаш хизматлари бозори ҳам жадал ривожлана бошлаши кутилмоқда.


Daily NK таъкидлашича, кундалик эҳтиёжларини қондиришга ҳам қийналаётган оддий шимолий кореяликлар учун ўн минглаб доллар турадиган автомобиллар намойиш этилган ушбу автосалон мутлақо етиб бўлмас ҳашамат ҳисобланади. 

    Бошқа янгиликлар

    КХДРда автокўргазма баҳонасида бой харидорлар яширинча текширилмоқда - Darakchi.uz