Ўзбекистонда тазйиқ ва зўравонликдан жабрланган хотин-қизларни ҳимоя қилиш тизимини янада такомиллаштиришга қаратилган қонун қабул қилинди. Бу ҳақда кеча, 1 июль куни қабул қилинган “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига бола ҳуқуқларининг кафолатларини янада кучайтиришга ҳамда тазйиқ ва зўравонликдан жабрланган хотин-қизларни ҳимоя қилиш тизимини янада такомиллаштиришга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонунда сўз боради.
Қонунга киритилган ўзгартишларга мувофиқ, миллий қонунчиликка боланинг энг устун манфаатлари тушунчаси ҳамда уни таъминлаш кафолатлари киритилди. Унга кўра, боланинг энг устун манфаатлари халқаро шартномалар, Конституция ва қонунларда белгиланган ҳуқуқлардан келиб чиққан ҳолда, унинг оила бағрида ўсиб-улғайиши, фаровонлиги, хавфсизлиги, соғлиғи, таълим олиши, ҳар томонлама камол топиши, шахсий дахлсизлиги, шаъни, қадр-қиммати, фикрлаш, сўз ва эътиқод эркинлиги, ижтимоий ва ахлоқий манфаатлари, шунингдек, боланинг ўзига хос хусусиятлари ва фикри инобатга олинган ҳолда белгиланади.
Шунингдек, Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги тизимидаги ташкилотларга, хусусан, Аёлларни реабилитация қилиш ва мослаштириш марказларига тазйиқ ва зўравонликдан жабрланган шахслар манфаатларини кўзлаб давлат божи тўламасдан судларга даъво аризалари киритиш ҳамда суд мажлисларида уларнинг вакили сифатида иштирок этиш ваколати берилди.
Қонун билан яна бир муҳим норма ҳам жорий этилди. Энди тазйиқ ва зўравонликдан жабрланган шахснинг махсус марказларга жойлаштирилиши унга бир ойгача бўлган муддатга вақтинча меҳнатга лаёқатсизлик варақасини бериш учун асос ҳисобланади.
Мазкур қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.
Эслатиб ўтамиз, мазкур қонун билан Жиноят кодексига ҳам ўзгартишлар киритилиб, вояга етмаганларга нисбатан жинсий эркинликка қарши жиноятлар ҳамда улар билан жинсий алоқа қилиш ёки уятсиз-бузуқ ҳаракатларни содир этганлик учун муқаддам судланган шахслар айрим жиноятларни такроран содир этган тақдирда, уларга умрбод озодликдан маҳрум қилиш ёки узоқ муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланиши белгиланган эди.






