АсосийЖАМИЯТ

Ўзбекистонда шовқин қилганлик учун жарималар 8,8 миллион сўмгача оширилади

Қонун билан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 192-моддаси янги таҳрирда баён этилди.

'Ўзбекистонда шовқин қилганлик учун жарималар 8,8 миллион сўмгача оширилади'ning rasmi

Ўзбекистонда аҳолининг осойишталигини бузувчи шовқинлар учун жарималар миқдори кескин оширилади. Шунингдек, дам олиш ва байрам кунлари кўп қаватли уйларда шовқинли таъмирлаш ишларини олиб бориш тақиқланади.

Президент “Аҳолини шовқиннинг зарарли таъсиридан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонунни имзолади. Ҳужжат 11 декабрдан кучга киради.

Қонун билан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 192-моддаси янги таҳрирда баён этилди.

Унга кўра, маиший шовқинга қарши курашиш талабларини бузганлик учун фуқароларга 3–5 БҲМ, яъни 1 миллион 320 минг сўмдан 2 миллион 200 минг сўмгача жарима солинади. Мансабдор шахсларга эса 10–15 БҲМ, яъни 4 миллион 400 минг сўмдан 6 миллион 600 минг сўмгача жарима белгиланади.

Агар ҳуқуқбузарлик маъмурий жазо қўлланилганидан кейин бир йил ичида такрорланса, фуқароларга 5–7 БҲМ, яъни 2 миллион 200 минг сўмдан 3 миллион 80 минг сўмгача, мансабдор шахсларга эса 15–20 БҲМ, яъни 6 миллион 600 минг сўмдан 8 миллион 800 минг сўмгача жарима солинади.

Шунингдек, шовқин даражаси белгиланган меъёрлардан юқори бўлган транспорт воситаларидан фойдаланганлик учун ҳам жавобгарлик кучайтирилади. Бундай ҳолат учун жарима ҳозирги 0,5 БҲМдан 1 БҲМга оширилади.

Қонунга кўра, рухсат этилган даражадан юқори шовқин билан фуқароларнинг осойишталигини бузиш тақиқланади.

Иш кунлари бу борадаги чекловлар соат 23:00 дан 07:00 гача, дам олиш ва ишланмайдиган байрам кунлари эса 22:00 дан 09:00 гача амал қилади.

Бундан ташқари, кўп қаватли уйларда шовқинли қурилиш ва таъмирлаш ишларини иш кунлари соат 09:00 дан 18:00 гача ўтказишга рухсат берилади. Дам олиш ва ишланмайдиган байрам кунлари эса бундай ишлар тақиқланади.

    Бошқа янгиликлар