Бош прокуратура матбуот хизмати маълумотига кўра, уларга нисбатан Жиноят кодексининг 102-моддаси (эҳтиётсизлик орқасида одам ўлдириш), 202-моддаси (ҳайвонот ёки ўсимлик дунёсидан фойдаланиш тартибини бузиш) ҳамда 219-моддаси (ҳокимият вакилига ёки фуқаровий бурчини бажараётган шахсга қаршилик кўрсатиш) билан жиноят иши қўзғатилган.
Маълум бўлишича, Мирзо Ботиров 9 сентябрь куни соат 23:00 атрофида Сирдарё дарёси ўзанида ўтказилган тунги рейд тадбирида иштирок этган.
Рейд давомида электр қармоқ ёрдамида балиқ овлаётган ҳуқуқбузарлар аниқланган. Улар инспекторларга қаршилик кўрсатган ва шу жараёнда Мирзо Ботиров сувга тушиб кетган.
Инспекторнинг жасади 10 сентябрь куни топилган.
Қайд этилишича, Мирзо Ботиров хизмат вазифасини бажариш чоғида кўрсатган жасорати ва хизмат бурчига садоқати учун вафотидан сўнг “Табиат ҳимоячиси” кўкрак нишони билан тақдирланади.






