Ўзбекистонда никоҳ ёшини қисқартириш мумкин бўлган ҳолатлар сонини камайтириш таклиф этилмоқда. Янги қонун лойиҳасига кўра, никоҳ ёши фақат ҳомиладорлик ёки бола туғилган ҳолатдагина кўпи билан бир йилга қисқартирилиши мумкин бўлади.
Бу ҳақда Бош вазир ўринбосари — Оила ва хотин-қизлар қўмитаси раиси Дилноза Каттахонова 11 сентябрь куни Сенат мажлисида маълум қилди.
Унинг айтишича, Оила кодексининг 15-моддасига ўзгартириш киритишни назарда тутувчи қонун лойиҳаси ишлаб чиқилган ва Президент Администрациясига киритилган.
Лойиҳага кўра, ҳомиладорлик ёки бола туғилган ҳолларда никоҳга киришни хоҳловчиларнинг илтимосига асосан туман ёки шаҳар ҳокими никоҳ ёшини кўпи билан бир йилга қисқартириши мумкин бўлади.
Шунингдек, 18 ёшга тўлмаган шахслар учун никоҳга онлайн ариза беришда автоматик чеклов сақланади. Бундай шахслар ҳокимнинг тегишли қарори киритилганидан кейингина никоҳга ариза топшириши мумкин бўлади.
Дилноза Каттахонова амалдаги қонунчиликда эрта никоҳга йўл қўйган шахслар, уларнинг ота-оналари ҳамда никоҳни ўқиган диний соҳа вакилларига нисбатан жавобгарлик белгиланганини айтди. Янги қонун лойиҳасида эса эрта никоҳга сабаб бўлган шахсларга нисбатан жазо чораларини кучайтириш ҳам назарда тутилмоқда.
Жумладан, эрта никоҳни биринчи марта тарғиб қилганлик учун базавий ҳисоблаш миқдорининг 10 баравари миқдорида жарима қўллаш таклиф этилмоқда.
Сенат мажлисида жорий йилнинг ўтган даврида хотин-қизлар фаоллари хабарлари асосида республика бўйича 348 та эрта никоҳнинг олди олингани маълум қилинди.
Амалдаги Оила кодексининг 15-моддасида эса никоҳ ёшини узрли сабаблар бўлган тақдирда, жумладан, ҳомиладорлик, бола туғилиши ва вояга етмаган шахснинг тўла муомалага лаёқатли деб эълон қилиниши каби ҳолатларда кўпи билан бир йилга қисқартириш мумкинлиги белгиланган.
Янги қонун лойиҳаси қабул қилинса, вояга етмаган шахсни эмансипация қилиш никоҳ ёшини қисқартириш учун асос бўла олмайди.






