30 йилдан ортиқ тарихга эга маҳаллада 23 та кўп қаватли уй бўлиб, 1416 та хонадонда 5400 нафардан зиёд аҳоли истиқомат қилади.
Президентнинг 2024 йил 25 июндаги қарори асосида ҳудудда кенг кўламли ободонлаштириш ишлари амалга оширилди. “Обод маҳалла” дастури доирасида бу мақсадларга маҳаллий бюджетдан 71,4 миллиард сўм йўналтирилди.
Натижада Қичқириқ маҳалласи замонавий “яшил” шаҳарсозлик муҳитига эга ҳудудга айлантирилди. Хусусан, Қичқириқ канали бўйлаб узунлиги 2,4 километр бўлган сайилгоҳ барпо этилди.
Ҳудудда 12,4 километр пиёдалар йўлаги, 14 та шийпон, фаввора, чархпалак ва бошқа дам олиш масканлари ташкил этилди. Шунингдек, қарийб 6500 та манзарали ва мевали дарахт экилиб, кўплаб ўриндиқлар ҳамда ёритиш чироқлари ўрнатилди.
Ёшлар учун 12 та воркаут майдончаси ва 3 та футбол майдони барпо этилди. Маҳаллада 47 та тадбиркорлик субъекти фаолият юритиб, янги лойиҳалар ҳисобига 61 та иш ўрни яратилган.
Шунингдек, ҳудудда замонавий 8 қаватли минорали автотураргоҳ ҳам ўрнатилди. Лифт принципида ишлайдиган иншоотда кичик майдонда 16 та автомобилни сақлаш имкони яратилган.
Маҳаллада аҳолининг маданий ҳордиғи учун амфитеатр ҳам барпо этилган.
Президент маҳалладаги 441-сонли давлат мактабгача таълим ташкилотида яратилган шароитлар билан ҳам танишди.
1976 йилда қурилган муассаса ҳудуди кенгайтирилиб, 450 ўринга мўлжалланган 2 та янги бино барпо этилган. Натижада боғчанинг умумий қуввати 835 ўринга етказилган.
Муассасада болалар учун инглиз тили, ментал арифметика, тасвирий санъат, мусиқа, бадиий гимнастика, шахмат ва таэквондо тўгараклари йўлга қўйилган. Шунингдек, болалар саломатлиги учун махсус туз хонаси ташкил этилган.
Президентга “Ўзбек тилини ўйнаб ўрганамиз” интерактив платформаси ҳақида ҳам маълумот берилди. У болаларга давлат тилини ўйинлар ва рақамли технологиялар орқали ўрганиш имконини беради.
Шунингдек, боғчада йўл ҳаракати хавфсизлиги тўгараги ташкил этилгани қайд этилди. Бу тажрибани бошқа мактабгача таълим муассасаларида ҳам оммалаштириш зарурлиги таъкидланди.






