Мазкур корхона Президентнинг 2025 йил 28 январдаги фармацевтика тармоғини жадал ривожлантиришга оид қарори асосида соҳада ишлаб чиқариш имкониятларини кенгайтириш ва замонавий технологияларни жорий этиш бўйича амалга оширилаётган ишлардан бири ҳисобланади.
Корхонанинг асосий мақсади ички бозорни сифатли фармацевтика маҳсулотлари билан таъминлаш ва импорт ўрнини босувчи дори воситалари ишлаб чиқариш ҳажмини оширишдан иборат.
Лойиҳанинг умумий қиймати 45 миллион еврони ташкил этади. 1,7 гектар майдонда жойлашган корхонада 150 та янги иш ўрни яратилган. Ишлаб чиқариш жараёнининг 90 фоизи автоматлаштирилган.
Корхонадаги замонавий ускуналар Италия, Германия, Австрия, АҚШ, Швейцария ва Болгариядан келтирилган. Ишлаб чиқаришнинг тўлиқ цикли ва назорат лабораторияси Европа Иттифоқининг GMP стандартлари асосида ташкил этилган.
Корхона қувватини келгусида йилига 1 миллиард дона таблетка, 500 миллион дона капсула ва 120 миллион дона сашега етказиш режалаштирилган.
Бу ерда асосан неврология, кардиология, метаболик жараёнлар ҳамда яллиғланишга қарши йўналишларда қўлланиладиган дори воситалари ишлаб чиқарилади. Маҳсулотлар импорт ўрнини босишга йўналтирилган.
Президент корхона фаолияти билан танишар экан, замонавий технологияларга асосланган ишлаб чиқариш қувватларини кенгайтириш, ички бозорни сифатли дори воситалари билан таъминлаш ва импортга боғлиқликни камайтириш муҳимлигини таъкидлади.
Шу ернинг ўзида корхонанинг истиқболдаги режалари бўйича тақдимот ҳам ўтказилди.






