Португалияда экстремал иссиқ об-ҳаво туфайли фавқулодда ҳолат эълон қилинди. Мамлакатнинг марказий ҳудудларида ҳаво ҳарорати кундузи 44 даражагача кўтарилиши кутилмоқда.
Португалия Денгиз ва атмосфера институти маълумотига кўра, мамлакатнинг материк қисмидаги 18 та округдан 12 тасида энг юқори – "қизил" хавф даражаси жорий этилган. Бунга бир неча кун давом этиши кутилаётган кучли иссиқлик тўлқини сабаб бўлган.
Қайд этилишича, иссиқлик тўлқини камида олти кун давом этади. Энг юқори ҳарорат мамлакатнинг марказий қисмида кузатилиши прогноз қилинган. Хусусан, Алентежу минтақасида кундузи ҳаво ҳарорати 44 даражагача, кечаси эса 28 даражагача кўтарилиши мумкин.
Мутахассисларнинг таъкидлашича, одатда соҳил ҳудудларини салқинлаштирувчи денгиз шабадаси бу сафар ички ҳудудларга етиб бормайди ёки жуда заиф бўлади. Бу эса бир неча кун давомида юқори ҳарорат сақланиб қолишига олиб келади. Бундай ҳолат айрим ҳудудлар учун камёб ҳодиса сифатида баҳоланмоқда.
Шунингдек, Португалия Денгиз ва атмосфера институти ультрабинафша нурланиш индекси 11 даражагача, яъни ўта хавфли кўрсаткичга етиши мумкинлигидан ҳам огоҳлантирди.
Шифокорлар эса маҳаллий ҳокимиятларни аҳолининг, айниқса, ёши улуғлар, болалар ва сурункали касаллиги бор фуқароларнинг хавфсизлигини таъминлаш учун зудлик билан кондиционер тизимлари билан жиҳозланган салқинлаштириш марказларини очишга чақирди. Ушбу марказларда аҳоли энг иссиқ вақтларни хавфсиз шароитда ўтказиши, зарур ҳолларда тиббий, психологик ва ижтимоий ёрдам олиши мумкин.
Синоптиклар маълумотига кўра, 2021 йилгача Португалияда бир йил давомида ўртача бир-уч марта иссиқлик тўлқини кузатилган бўлса, 2022 йилдан буён уларнинг сони олти-саккизтагача етган. Шунингдек, иссиқлик тўлқинлари аввалгига нисбатан узоқроқ давом этаётгани, кучайгани ҳамда анъанавий ёз мавсуми ташқарисида ҳам тез-тез кузатилаётгани қайд этилган.






