5 июль куни соат 21:15 атрофида Тошкент шаҳри Шайхонтоҳур тумани Бешқўрғоч кўчасида жойлашган икки қаватли дўконнинг иккинчи қаватида ёнғин юз берди. Бу ҳақда Тошкент шаҳар Фавқулодда вазиятлар бош бошқармаси хабар берди.
Хабарга кўра, ёнғин ҳақидаги чақириқдан сўнг қутқарув-ёнғин ўчириш экипажлари қисқа вақт ичида — соат 21:24 да воқеа жойига етиб борган. Олов тезкорлик билан қуршаб олиниб, соат 21:34 да тўлиқ бартараф этилган.
Дастлабки маълумотларга кўра, ёнғин натижасида дўконнинг иккинчи қавати ички қисми тахминан 80 квадрат метр майдонда ёниб зарарланган.
Ҳодиса оқибатида тан жароҳати олган ёки ҳалок бўлганлар қайд этилмаган. Ҳозирда ёнғиннинг келиб чиқиш сабаблари ҳамда етказилган моддий зарар миқдори аниқланмоқда.






