Ёзувчи Шукур Жаббор Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевга очиқ мурожаат йўллаб, Алишер Навоий номидаги Давлат адабиёт музейи тақдирига эътибор қаратиш ва уни сақлаб қолишни сўради. Бу ҳақда у ўзининг Facebook саҳифасида маълум қилди.
Мурожаатда айтилишича, музей амалда фойдаланиб келган биносидан кўчирилмоқда. Бироқ ҳозирга қадар муассаса учун янги бино ажратилмаган. Музей экспонатларининг бир қисми эса вақтинча Ислом цивилизацияси марказининг ертўласига жойлаштирилган.
Шукур Жабборнинг таъкидлашича, музей 1968 йилдан буён капитал таъмирланмаган. Бу эса унда сақланаётган қарийб 70 минг ноёб экспонатнинг хавф остида қолишига сабаб бўлган. Унинг фикрича, музейнинг мавжуд бинодан кўчирилиши мазкур хавфни янада кучайтирмоқда.
Қайд этилишича, музей фондида қўлёзмалар, тошбосма китоблар, нодир нашрлар, тасвирий ва амалий санъат асарлари, шунингдек, юзлаб ўзбек шоир ва ёзувчиларининг ҳаёти ҳамда ижодига оид экспонатлар сақланади.
Жумладан, музей экспозицияларида Амир Темур ва темурийлар даври, Алишер Навоий ҳаёти ва ижоди, "Хамса" қўлёзмалари, достонларга ишланган миниатюралар, тарихий хариталар, ҳайкаллар ва бошқа ноёб ёдгорликлар ўрин олган. Шунингдек, Абдураҳмон Жомий, Ҳофиз, Низомий Ганжавий, Фирдавсий, Хусрав Деҳлавий, Заҳириддин Муҳаммад Бобур, Зебуннисо, Турди, Нодира, Увайсий ва Маҳзунага оид қўлёзмалар ҳам музей фондида сақланади.
Музейда, шунингдек, ХХ аср ва мустақиллик даври ўзбек адабиётига бағишланган экспозициялар ҳам мавжуд бўлиб, уларда 200 дан ортиқ ўзбек шоир ва ёзувчисининг ҳаёти ва ижоди акс эттирилган.
Мурожаатида Шукур Жаббор Президентнинг 2026 йил 1 июнда қабул қилинган "Маданият, санъат ва адабиёт соҳаларини янада ривожлантириш бўйича кенг кўламли чора-тадбирлар тўғрисида"ги фармонини эслаб ўтар экан, ушбу ҳужжатда белгиланган вазифалар Алишер Навоий номидаги Давлат адабиёт музейини ҳам асраб қолишга хизмат қилишига умид билдирган.
Ёзувчи мурожаати якунида жамоатчиликни ҳам музейни сақлаб қолиш ташаббусини қўллаб-қувватлашга чақирган.
Айни пайтда мурожаатда кўтарилган масалалар юзасидан масъул давлат органлари томонидан расмий муносабат билдирилмаган.






