АсосийСПОРТ

Танташевнинг ҳакамлиги кескин танқид қилинди

Француз нашри унга 10 баллдан 1 балл берди.

'Танташевнинг ҳакамлиги кескин танқид қилинди'ning rasmi

Франциянинг нуфузли "L’Équipe" нашри ўзбекистонлик FIFA ҳаками Илгиз Танташев бошчилигидаги ҳакамлар бригадасининг Франция ҳамда Парагвай ўртасидаги 2026 йилги Жаҳон чемпионати 1/8 финал учрашувидаги фаолиятини кескин танқид қилди. Нашр ҳакамнинг ишини 10 баллик тизимда атиги 1 баллга муносиб деб баҳолади.

Нашр қайд этишича, бу "L’Équipe" томонидан 2016 йилдан буён ҳакамларга қўйилган учинчи энг паст баҳодир. Бундан аввал бундай натижа фақат Франция чемпионати ўйинларида ҳакамлик қилган Стефани Фраппар ва Матьё Вернисга берилган.

Нашр мухбирларининг таъкидлашича, Илгиз Танташевнинг бошқаруви учрашувнинг боришига салбий таъсир кўрсатган ва футболчилар хавфсизлигини таъминлай олмаган.

"Ҳеч қандай ноўрин шовинизмдан холи ҳолда, биз унинг ҳакамлигини 10 баллик тизимда 1 баллга муносиб деб топдик. Бу ҳакамлик Франция терма жамоаси учун қимматга тушиши мумкин эди. Энг муҳими, у ўйиннинг ривожланишига хизмат қилмади ва футболчиларни ҳимоя қила олмади", дейилади нашрда.

Филаделфия шаҳрида бўлиб ўтган баҳсда Франция Парагвайни 1:0 ҳисобида мағлуб этди. Учрашувдаги ягона голни 70-дақиқада Килиан Мбаппе пенальтидан киритди.

Нашр талқинига кўра, Танташев Франция фойдасига пенальти белгилаган бўлса-да, бутун учрашув давомида атиги учта сариқ карточка кўрсатган. Шунингдек, у Парагвай футболчиларининг қўпол ҳаракатлари, симуляцияси ва вақтни чўзиш ҳолатларига нисбатан етарлича интизомий чора кўрмагани таъкидланган.

Россиялик собиқ FIFA ҳаками Сергей Лапочкин ҳам мазкур ҳакамликни танқид қилди.

"Парагвайликлар майдонда истаганини қилди. Улар кучли рақибга қарши ҳар қандай усулдан фойдаланишга уринди. Энг ёмони эса, буни ҳеч ким тўхтата олмади", деди Лапочкин.

Маълумот учун, Франция – Парагвай баҳси Илгиз Танташев учун 2026 йилги Жаҳон чемпионатидаги учинчи учрашув бўлди. У бунга қадар гуруҳ босқичида Шотландия – Марокаш ҳамда Жазоир – Австрия ўйинларида ҳам ҳакамлик қилган эди.

    Бошқа янгиликлар

    Танташевнинг ҳакамлиги кескин танқид қилинди - Darakchi.uz