АсосийЖАМИЯТ

Андижонда товламачиликда ушланган шахснинг машинасидан гиёҳванд модда топилди

Айни пайтда ушбу ҳолат юзасидан дастлабки тергов ҳаракатлари давом этмоқда.

'Андижонда товламачиликда ушланган шахснинг машинасидан гиёҳванд модда топилди'ning rasmi

Андижон шаҳрида фуқародан сотилган телефон учун келишилган маблағдан ташқари қўшимча пул талаб қилган шахс қўлга олинди. Уни ушлаш жараёнида автомобили кўздан кечирилганда, салондан гиёҳванд моддага ўхшаш модда ҳам аниқланган. Бу ҳақда Ички ишлар вазирлиги хабар берди.

Маълум қилинишича, 1993 йилда туғилган шахс танишига iPhone 15 Pro телефонини 650 АҚШ долларига сотган. Харидор келишилган пулни тўлиқ берганига қарамай, сотувчи ундан яна 500 АҚШ доллари талаб қилган.

Гумонланувчи турли баҳоналар билан босим ўтказиб, қўрқитиш орқали қўшимча маблағ ундиришга уринган. У Андижон шаҳрининг "Ўрикзор" маҳалласи ҳудудида 500 АҚШ долларини олаётган вақтида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимлари томонидан ашёвий далиллар билан ушланган.

Шундан сўнг гумонланувчининг Nexia-2 русумли автомобили холислар иштирокида кўздан кечирилган. Текширув давомида автомашина салонидан икки бўлак жигарранг тусли, ўткир ҳидли модда топилиб, белгиланган тартибда расмийлаштириб олинган.

Мазкур ҳолат юзасидан Андижон шаҳар Ички ишлар бошқармаси ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан Жиноят кодексининг товламачилик ҳамда гиёҳвандлик воситалари билан боғлиқ жиноятларни назарда тутувчи моддалари билан жиноят иши қўзғатилган.

    Бошқа янгиликлар

    Андижонда товламачиликда ушланган шахснинг машинасидан гиёҳванд модда топилди - Darakchi.uz