АҚШ Эрон томонидан Ҳурмуз бўғози орқали ҳаракатланаётган кемага зарба берилганидан сўнг Эрон ҳудудларига янги зарбалар йўллаганини маълум қилди. Бу ҳақда BBC нашри хабар берди.
Ислом инқилоби қўриқчилари корпуси (ИИҚК) давлат оммавий ахборот воситалари орқали Ҳурмуз бўғози "кейинги кўрсатмага қадар" ёпилганини маълум қилди. Шунингдек, АҚШнинг "тажовузкор ҳаракатлари"га кескин жавоб қайтарилишини билдирди.
АҚШ зарбаларидан бир неча соат ўтиб, ИИҚК Иорданиядаги АҚШ ҳарбий базасига ҳужум уюштирилганини айтди. Шу билан бирга, Бирлашган Араб Амирликлари, Қатар, Кувайт ва Баҳрайн Эрон томонидан учирилган ракета ҳамда дронларга қарши чора кўраётганини маълум қилди.
Воқеалар ҳафта бошида учта тижорат танкерига ҳужум қилинганидан кейин янада кескинлашган. Шундан сўнг АҚШ ва Эрон ўртасида ўзаро зарбалар алмашинуви бошланган.
АҚШ Марказий қўмондонлиги (CENTCOM) маълум қилишича, Эрон Ислом инқилоби қўриқчилари корпуси Ҳурмуз бўғозида Кипр байроғи остида ҳаракатланган кемани "очиқдан-очиқ ҳужум қилгани"дан кейин ушбу ҳафтада учинчи марта зарба берилган.
Маълум қилинишича, MV GFS Galaxy кемаси муҳандислик қисмига жиддий зарар етгани сабабли ҳаракатини давом эттира олмаган. Ҳодиса оқибатида бир нафар фуқаро экипаж аъзоси бедарак йўқолган.
CENTCOM маълумотига кўра, АҚШ зарбалари натижасида Эроннинг 140 та ҳарбий объекти, жумладан ракета ва дрон базалари, алоқа тармоқлари ҳамда соҳил кузатув нуқталари нишонга олинган.
Буюк Британиянинг Денгиз савдоси операциялари бошқармаси (UKMTO) эса кема экипажи ҳарбийлар кўрсатмасига кўра кемани тарк этиб, қутқарув қайиғига ўтганини билдирган.
АҚШ Марказий қўмондонлиги баёнотида Эронга аввалги тижорий кемаларга қилинган ҳужумлар учун жавобгарлик масаласида келишувга амал қилиш имконияти берилгани, аммо Теҳрон бу талабларни бажармагани таъкидланган.
Баёнот АҚШ мудофаа вазири Пит Хегсет томонидан ҳам тарқатилди. У "Эрон нотўғри қарор қабул қилди. Энди бунинг оқибатларини тўлайди", деб ёзган.
ИИҚК эса АҚШ зарбалари Эроннинг жанубий соҳилидаги бир қатор ҳарбий базалар ва телекоммуникация минораларига қаратилганини билдирди.
Эрон ўз навбатида жавоб зарбаларининг биринчи босқичи Иорданиядаги Принс Ҳасан ҳаво базасига қарши амалга оширилганини маълум қилди. Теҳрон базанинг бошқарув маркази ва MQ-9 дронлари жойлашган ҳангарлар йўқ қилинганини иддао қилди.
Аввалроқ Эрон давлат ОАВлари ИИҚК Ҳурмуз бўғозини ёпиш ҳақида қарор қабул қилганини хабар қилган эди. Бунга сабаб сифатида рухсат этилмаган йўналишда ҳаракатланган кемага денгиз қанотли ракетаси билан зарба берилгани келтирилган.
ИИҚК маълум қилишича, кема бир неча бор берилган огоҳлантиришларга қулоқ солмагани учун унга огоҳлантирувчи ўқлар узатилган ва ҳаракатдан тўхтатилган.
Эрон парламенти спикери Муҳаммад Боқир Ғолибоф эса АҚШ билан музокаралар бўйича бош вакил сифатида ижтимоий тармоқда "бир томонлама келишувлар даври тугади", деб ёзган.






