Навоий вилоятининг қатор туманларида 14–17 июль кунлари давлат мактабгача таълим ташкилотлари фаолияти вақтинча тўхтатилади. Бу ҳақда вилоят Мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси матбуот хизмати хабар қилди.
Маълум қилинишича, ҳокимларнинг тегишли фармойишларига асосан Учқудуқ ва Нурота туманларида, шунингдек, Томди ва Конимех туманларидаги айрим давлат мактабгача таълим ташкилотлари фаолияти тўрт кунга тўхтатилади.
Қайд этилишича, мазкур қарор ҳаво ҳарорати +44...+45 даражагача кўтарилиши прогноз қилинаётгани муносабати билан қабул қилинган. Унинг асосий мақсади мактабгача ёшдаги болаларнинг ҳаёти ва соғлиғини муҳофаза қилишдан иборат.
Маълумотга кўра, ушбу давлат боғчалари фаолияти 20 июль кунидан қайта тикланади.
Шу билан бирга, Навоий вилоятининг бошқа туманларида давлат мактабгача таълим ташкилотларининг санитария-гигиена талабларига мувофиқлиги ва зарур шарт-шароитлар мавжудлиги юзасидан ўрганишлар давом этмоқда. Текширувлар якунларига кўра қўшимча ахборот берилиши билдирилган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Қорақалпоғистон Республикаси ҳамда Хоразм вилоятида ҳам кучли жазирама муносабати билан давлат мактабгача таълим ташкилотлари фаолияти вақтинча тўхтатилган эди.






