Норвегия терма жамоаси ҳужумчиси Эрлинг Ҳоланд АҚШнинг Техас штати, Даллас шаҳридаги "Ёввойи Ғарб" услубидаги кийим-кечак ва сувенирлар дўконида қарийб 10 минг долларлик харид қилди. Бу ҳақда TMZ нашри хабар берди.
Нашр маълумотига кўра, Жаҳон чемпионатининг чорак финалида Англияга қўшимча бўлимларда 1:2 ҳисобида мағлуб бўлган Норвегия терма жамоаси душанба куни кечқурун Ослога қайтган.
Қайд этилишича, Ҳоланд ижтимоий тармоқларда самолётдан тушаётганида қўлида тўлдирилган енот ўйинчоғини ушлаб турган суратини ҳам эълон қилган.
Манбага кўра, норвегиялик футболчи мазкур ноодатий сувенирни Даллас шаҳридаги ковбой услубидаги кийимлар ва эсдалик буюмлари сотиладиган дўкондан сотиб олган. Дўкон эгасининг сўзларига кўра, Ҳоланд ва унинг жамоадошлари у ерда қарийб бир ярим соат вақт ўтказган.
Футболчилар ковбой шляпалари, енот терисидан тайёрланган бош кийимлар, этиклар, камарлар ва кўйлаклар харид қилган. Шунингдек, уларга тўлдирилган олмахон ўйинчоқлари ҳам ёққан.
Маълум қилинишича, юмшоқ ўйинчоқларнинг нархи 450 доллардан 750 долларгача бўлган. Нашрнинг ёзишича, дўконда амалга оширилган барча харидлар учун тўловни Эрлинг Ҳоланднинг ўзи тўлаган.






