АсосийЖАМИЯТ

Мирзиёев пенсия тизимини тубдан ислоҳ қилиш бўйича таклифларни кўриб чиқди

Ойлик иш ҳақи 7,6 миллион сўмдан юқори бўлганлар учун эса ушбу чегарадан ортиқ қисмига тўланган ижтимоий солиқнинг 1 фоизини уларнинг жамғариб бориладиган пенсия ҳисобварағига ўтказиш таклиф қилинди.

'Мирзиёев пенсия тизимини тубдан ислоҳ қилиш бўйича таклифларни кўриб чиқди'ning rasmi

Президент Шавкат Мирзиёев 14 июль куни мамлакат пенсия тизимини ислоҳ қилишга оид таклифлар тақдимоти билан танишди. Унда жамғариб бориладиган, хусусий ва корпоратив пенсия тизимларини ривожлантириш, пенсия ҳисоблаш тартибини такомиллаштириш ҳамда фуқароларни ушбу тизимда фаол иштирок этишга рағбатлантиришга қаратилган қатор янги механизмлар муҳокама қилинди.

Тақдимотда қайд этилишича, сўнгги ўн йилда Ўзбекистонда пенсия миқдори 3,3 баробар оширилган. Бугунги кунда энг кам пенсия миқдори 878 минг сўмни ташкил этмоқда. Бу кўрсаткич минимал истеъмол харажатлари миқдори — 715 минг сўмдан юқори. Шунингдек, 2021 йилгача 1,1 миллион нафар фуқаро 400 минг сўмдан кам пенсия олган бўлса, ҳозирда бу ҳолат бартараф этилгани таъкидланди.

Тақдимотда ривожланган давлатларда жамғариб бориладиган пенсия тизими иқтисодиёт учун узоқ муддатли молиявий ресурс вазифасини ўтаётгани қайд этилди. Халқаро валюта жамғармаси, Жаҳон банки, Осиё тараққиёт банки ҳамда Халқаро меҳнат ташкилоти экспертлари ҳам Ўзбекистонда мазкур тизимни такомиллаштириш иқтисодиётга катта ҳажмда узоқ муддатли маблағларни жалб қилиш имконини беришини таъкидлаган.

Шу муносабат билан илғор хорижий тажриба асосида жамғариб бориладиган, хусусий ва корпоратив пенсия тизимларини ривожлантириш таклиф этилди.

Ҳозирда фуқароларнинг иш ҳақидан 0,1 фоиз маблағ жамғариб бориладиган пенсия ҳисобварағига ўтказилади. Бироқ ушбу маблағларга ҳисобланадиган йиллик 10 фоизлик даромад банк омонатлари бўйича таклиф этилаётган фоизлардан қарийб икки баробар пастлиги қайд этилди.

Янги таклифларга кўра, ойлик иш ҳақи 7,6 миллион сўмгача бўлган фуқаро ўз жамғариб бориладиган пенсия ҳисобварағига иш ҳақининг 5 фоизини ўтказса, давлат томонидан қўшимча равишда яна 2,5 фоиз маблағ ажратилади.

Ойлик иш ҳақи 7,6 миллион сўмдан юқори бўлганлар учун эса ушбу чегарадан ортиқ қисмига тўланган ижтимоий солиқнинг 1 фоизини уларнинг жамғариб бориладиган пенсия ҳисобварағига ўтказиш таклиф қилинди.

Шунингдек, пенсия ҳисоблаш тартибини ўзгартириш ҳам режалаштирилмоқда. Амалда пенсия миқдори меҳнат фаолиятининг сўнгги ўн йилидаги беш йиллик иш ҳақи асосида ҳисобланади ҳамда иш ҳақининг 6 миллион сўмдан юқори қисми инобатга олинмайди. Бу эса айрим ҳолларда пенсия миқдорининг камайишига сабаб бўлаётгани қайд этилди.

Шу боис пенсия ҳисоблашда инобатга олинадиган иш ҳақи даврини 5 йилдан 20 йилгача узайтириш, паст даромад олинган айрим даврларни ҳисоб-китобдан чиқариш таклиф қилинди. Шу билан бирга, 2027 йилдан бошлаб пенсия ҳисоблашда эътиборга олинадиган иш ҳақининг энг юқори чегарасини 6 миллион сўмдан 6,6 миллион сўмгача ошириш режалаштирилмоқда.

Ҳисоб-китобларга кўра, ушбу ўзгаришлар амалга оширилса, янги тартиб асосида пенсияга чиқадиган фуқароларнинг пенсияси ҳозирги тизимга нисбатан ўртача 8 фоизга ошиши мумкин.

Президент Шавкат Мирзиёев пенсия тизимидаги ўзгаришлар миллионлаб фуқароларнинг турмуши ва келажагига бевосита таъсир қилишини таъкидлаб, ҳар бир таклифнинг ижтимоий ва иқтисодий оқибатларини чуқур таҳлил қилиш зарурлигини қайд этди.

Шунингдек, мутасаддиларга мазкур ислоҳотларни аҳоли, оммавий ахборот воситалари ва блогерлар иштирокида очиқ муҳокама қилиш, фуқароларга унинг мақсади ва кутилаётган натижаларини атрофлича тушунтириш вазифаси юклатилди.

Йиғилиш якунида хорижий тажрибани ҳар томонлама ўрганган ҳолда хусусий ва корпоратив пенсия тизимларини жорий этишга қаратилган қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш топширилди.

    Бошқа янгиликлар

    Мирзиёев пенсия тизимини тубдан ислоҳ қилиш бўйича таклифларни кўриб чиқди - Darakchi.uz