Тошкент шаҳрида тез тиббий ёрдам бригадаси туғруқхонага етиб бормасдан ҳомиладор аёлнинг туғруғини қабул қилди. Натижада 3900 грамм вазнли қизалоқ дунёга келди. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги Матбуот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, ҳодиса жорий йилнинг 13 июль куни соат 06:50 атрофида содир бўлган. Республика тез тиббий ёрдам маркази бригадаси Янгиҳаёт туманидаги 1-сон туғруқ комплексига йўл олган вақтда 22 ёшли ҳомиладор аёлда шошилинч туғруқ бошланган.
Туғруқни Республика тез тиббий ёрдам маркази фельдшери Рустам Саидазимов қабул қилган. Натижада оғирлиги 3900 грамм бўлган қизалоқ соғ-омон дунёга келган.
Шундан сўнг она ва чақалоқ Янгиҳаёт туманидаги 1-сон туғруқ комплексига етказилган. Қайд этилишича, айни пайтда уларнинг соғлиғи яхши.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотига кўра, Рустам Саидазимов беш йиллик меҳнат фаолияти давомида учинчи марта тез тиббий ёрдам автомашинасида шошилинч туғруқни муваффақиятли қабул қилди.






